Сўнмаган умид. Самарқанд вилоят ИИБ томонидан ўтказилган рейд давомида 10 йил аввал бедарак йўқолган бухоролик йигит топилди
Инсон учун энг улуғ неъмат фарзанд. Бекорга фарзанд жигарбанд дейилмайди. Ота-она боласи бир кеча уйида тунамаса, ич-этини ейди, хавотирдан хаёли минг кўчага кириб чиқади. Аммо одам боласини 10 йил кўрмаса-чи? 10 йил боласининг овозини ҳам эшитмаса-чи? Бундай оғир дардни танасидан ўтказганларгина тасаввур қила олади.
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида яшовчи 56 ёшли Зариф ака ҳам фарзанди Фаррухни 10 йилдан буён кўрмаганди. Бу вақт давомида умидини узмаган ота имкони борича қўшни туман ва вилоятлардан фарзандини қидирган. Бироқ ҳеч қандай самара бўлмаган.
Ота-онанинг қилган сабри бугун ўз мевасини берди. 10 йил аввал Бухородаги уйидан чиқиб кетган Фаррух 2019 йил 13 февраль куни бошқа бир азим шаҳар Самарқанддан топилди. Самарқанд вилоят ИИБ реабилитация маркази ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида бир йигит марказ ходимларига ҳеч қандай ҳужжат тақдим қила олмайди. Чунки, унда ҳеч қандай ҳужжатнинг ўзи бўлмаган.
Реабилитация маркази ходимлари фуқарони марказ биносига олиб келиб унинг шахсини аниқлаштирганларида йигит ўзини 1992 йил Бухоро вилояти Ғиждувон тумани Мазраган МФЙда туғилган Фаррух Ҳотамов деб таништиради. ИИБ маълумотлар баъзасидан текширилганда бу йигит 10 йил аввал бедарак йўқолгани аниқланади.
Самарқанд вилояти ИИБ реабилитация маркази ходимлари Бухородаги ҳамкасблари билан боғланиб, Ҳотамов Фаррух чиндан ҳам бедарак йўқолганини аниқлаштиришади. Мазраган МФЙда профилактика инспектори бўлиб ишлайдиган лейтенант Абдураҳим Азимов фарзанди топилгани ҳақидаги хушхабарни Фаррухнинг отаси Зариф акага етказади.
14 февраль куни Фаррухнинг акаси ва отаси уни олиб кетиш учун Самарқанд вилояти ИИБ реабилитация марказига келишди. Зариф ака ўғлини бир кун барибир топишини билгани ҳақида гапирди: «Худога шукр, шу кунларга етказганига шукр. Ўғлим бир кун топилишини билардим. Рафиқам Фаррух кетиб қолгандан кейин ҳам ҳар йили ўғлимнинг туғилган кунида дастурхон тузаб уни кутарди», дейди кўзида ёш билан Зариф ака.
Бугун фарзандини 10 йил умидини узмай кутган Холбиби онанинг туғилган куни экан. Бундай кунда ўз боласи топилиб келишидан ҳам яхшироқ совға борми? Фаррухнинг ота-онаси Самарқанд вилоят ИИБ ходимларига чексиз миннатдорчилик билдиришди.
«Йигит нега уйидан кетиб қолди?»,- деган савол туғилиши аниқ. Ҳали паспорт ҳам олмаган Фаррух ёшлик қилиб уйидан чиқиб кетган. Самарқандда ўз кунини кўриб, тирикчилик қилиб юрган. Маълум бўлишича, у ҳеч қандай жиноятга аралашмаган. Фаррух деҳқон отасининг уйига қайтишини, энди акалари каби устачилик қилишини айтди.
Бир оиланинг бағри бутун бўлгани бизни қувонтирди. Нима бўлганда ҳам ҳеч кимнинг боласи йўқолмасин, оналар болам деб йиғламасин...
Мавзуга оид
09:28 / 08.11.2024
Самарқандга 100 та электробус олиб келинади
10:53 / 07.11.2024
Миср Самарқанд вилояти туман ва шаҳарларида сув таъминоти тизимини модернизация қилиши мумкин
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024