Ўзбекистон | 11:55 / 15.02.2019
5639
2 дақиқада ўқилади

Барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш тизими жорий этилади 

Фото: iStock

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ маъмуриятчилигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллашни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 6 октябрдаги 807-сон қарори ижроси юзасидан хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш тизимини жорий этиш бўйича Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Навоий ва Сирдарё вилоятлари ҳудудида эксперимент ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Молия вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифи маъқулланиши мумкин. Бунда:

2019 йил 1 апрелдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчи хўжалик юритувчи субъектлар учун;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб республикадаги барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш тизими жорий этилади.

Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклдаги ҳисобварақ-фактуралардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Янги технологиялар” илмий ахборот маркази давлат унитар корхонасини электрон ҳисобварақ-фактураларни марказлаштирилган ҳолда сақланиши, операторлараро узатилиши ва ҳисоби юритилиши бўйича ваколатли роуминг оператори этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилиниши мумкин.

Давлат солиқ қўмитаси Ягона интеграциялаштирилган ахборот-ресурс базасининг ҳисоблаш қувватини кенгайтириш учун зарур сервер ва телекоммуникация қурилмалари рўйхатини тасдиқлайди.

Молия вазирлиги тасдиқланган қурилмаларни харид қилиш билан боғлиқ маблағларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Захира жамғармаси ҳисобидан молиялаштиради. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид