Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йилдан электрон ҳисобварақ-фактуралар хавф даражаси бўйича автоматик баҳоланади
Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) хавф даражасига қараб реал вақт режимида автоматик тарзда баҳоланади. Агар юқори хавф белгилари аниқланса, ЭҲФнинг мақоми харидорга кўрсатилади.
2026 йил бошидан ишга тушадиган янги тизим ЭҲФларни реал вақт режимида автоматик баҳолайди. Бу президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги ПФ-153-сонли фармонида назарда тутилган. Солиқ қўмитаси бу қандай ишлашини тушунтириб берди.
“Тизим халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган бўлиб, ЭҲФ расмийлаштиришда қонунбузилиш эҳтимолини баҳолаш имконини берувчи комплекс мезонлар таҳлилига асосланади”, - дейилади Солиқ қўмитаси хабарида.
Расмий хабарга кўра, мазкур янги тизим солиқ маъмуриятчилигининг рақамли трансформациясида муҳим босқичга айланиши ва иқтисодиётда яширин айланмалар улушини кескин камайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Ҳужжатга кўра, янги тизим ҳар бир ЭҲФни яратиш жараёнидаёқ автоматик таҳлил қилади ва унга хавф даражасини белгилайди. Агар юқори хавф белгилари аниқланса, ЭҲФнинг мақоми харидорга кўрсатилади. Бу эса солиқ оқибатларини баҳолаш ва ҳамкор танлашда эҳтиёткорликни таъминлайди.
Ҳозирги босқичда тизим синов тариқасида ишламоқда ва тадбиркорлик субъектлари йўл қўяётган йирик хатолар ва қонунбузилишларни автоматик равишда аниқлайди, уларга нисбатан ҳеч қандай таъсир чоралари қўлланмаяпти.
Тизимда юқори хавф даражасига эга ЭҲФ бўйича қуйидагилар назарда тутилади:
• уларнинг улуши ҳисобот даврида расмийлаштирилган жами ЭҲФлар сонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
• ҚҚС суммаси сотувчи (етказиб берувчи) ёки харидор (буюртмачи) томонидан бюджетга тўлиқ тўлангандан кейин ҳисобга олиниши.
Июл ойидан бошлаб Солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти ва бошқа ахборот каналларида тадбиркорлар томонидан электрон ҳисобварақ-фактуралар (ЭҲФ) расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилаётган қўпол хатолар ва солиқ қонунчилиги бузилиши ҳолатларига оид мисоллар эълон қилиб борилмоқда. Бу ҳолатлар янги тизим ёрдамида аниқланмоқда.
Шубҳали операциялар борасида мисоллар (номлар ўзгартирилган)
• “Алфа” МЧЖ номли корхона чорвачилик хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтиб, биринчи шартномаси бўйича 896 млрд сўмлик қора металл реализацияси учун ЭҲФ расмийлаштирган.
• “Омега” МЧЖ нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан металл маҳсулотлари савдосига ўтиб, қисқа фурсатда 326 млрд сўмлик ЭҲФ расмийлаштирган.
• “Граф” МЧЖ эса ишчи кучи, мулки ёки транспорт воситаси бўлмаган ҳолда, 5 кун ичида 38,5 млрд сўмлик турли товарлар ва хизматлар бўйича ЭҲФ расмийлаштирган.
Ўрганиш натижасида июл-сентябр ойларида 27 та солиқ тўловчи томонидан иқтисодий мазмунга мос келмайдиган операциялар амалга оширилгани аниқланди. Бу корхоналар 5,9 трлн сўмлик ЭҲФ расмийлаштириб, 706 млрд сўмлик ҚҚСни ҳисобга олишга уринган.
Аввалроқ рақамлаштириш, электрон ҳисобварақ фактура, онлайн назорат касса машинаси, рақамли маркировка, маҳсулот ва хизматларнинг идентификация кодлари, электрон юк хати ва кешбэклар жорий этилиши яширин иқтисодиёт улушини соҳаларга қараб 10−20 фоизгача «соя»дан чиқаргани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
19:37 / 23.10.2025
Бир ойда 936 та корхона 178,7 млрд сўмлик солиқ имтиёзидан фойдаланди
21:39 / 20.10.2025
Ходимлари солиқдан энг кўп қарздор корхоналар маълум бўлди
22:29 / 17.10.2025
Қозоғистонда бадавлат одамларнинг мулки оширилган ставкада солиққа тортилади
18:53 / 16.10.2025