Ўзбекистон | 21:52 / 15.02.2019
23420
5 дақиқада ўқилади

Самарқанд шаҳри тарихий марказида баландлиги 10 метрдан зиёд бўлган ноқонуний объектлар бузилади

Самарқанд вилоят ҳокимлигида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2019 йил 6 февралдаги топшириқлари ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мазкур топшириқда бир ҳафта муддатда ўтказилган хатлов натижаларини Маданият ва Қурилиш вазирликларининг қўшма мажлисида муҳокама қилиб, Самарқанд шаҳрининг тарихий марказидаги жами 159та объектда аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича «Йўл харитаси»ни тузиш ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими раҳбарлигида штаб ташкил этиш белгиланган.

Қайд этиб ўтиш лозимки, 2018 йилда Бош прокуратура томонидан Вазирлар Маҳкамаси, Қурилиш, Маданият вазирликлари ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан биргаликда Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида янги қурилган бино-иншоотлар хатловдан ўтказилган.

Ўрганиш натижасида 2015-2018 йилларда жами 159та (75та турар, 84та нотурар) объектлар шаҳарсозлик нормаларига тўлиқ риоя этилмасдан ноқонуний қурилгани аниқланган.

Жумладан:

·       34та объектнинг ер ажратиш ёки қурилишга рухсат беришга оид тегишли ҳоким қарорлари чиқарилмаган;

·       73та объектнинг лойиҳаларига экспертиза хулосалари олинмаган;

·       102та объектга шаҳарсозлик кенгашининг хулосалари олинмаган;

·       120та объект Маданият вазирлиги ва 59таси «ТошбошпланЛИТИ» ДУК билан келишилмаган.

Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш натижасида қурилиш нормаларига риоя қилмаганликлари учун 132 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, шаҳар ҳокимининг 56та қарорига протест келтирилган, битта жиноят иши қўзғатилган, ноқонуний қурилган объектларни бузиш ҳақида судларга 12та даъво аризаси киритилган.

Шунингдек, мазкур 159та объектнинг 18таси республика миқёсида, 141таси вилоят миқёсида ҳал этилиши бўйича хулоса тузилган.

Мазкур объектларни бартараф этиш юзасидан Республика вазирлик ва идоралари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш бошланди. 

·       Вилоят миқёсида ҳал этилиши белгиланган 141та объектнинг 16тасида қурилиш ишлари бошланмаган;

·       12таси қисман бузилиши;

·       62тасининг фасад кўринишини Маданият вазирлиги билан келишилиши;

·       46тасининг шаҳарсозлик ҳужжатлари расмийлаштирилиб, қонунга мувофиқлаштирилиши белгиланган.

«Самарқанд шаҳрининг 1269 гектардан иборат тарихий марказидаги қуриладиган бинолар шаҳарнинг қадимий ва миллий архитектурасига мос бўлиши, фасади турли замонавий конструкциялар, сунъий материаллар ва бўёқлардан эмас, табиий қурилиш материаллари билан безалиши шарт. Бинолардан Самарқанднинг нуқси келиб туриши керак. Шаҳарнинг тарихий марказида қуриладиган бинонинг баландлиги 10 метрдан ошишига йўл қўйилмайди. Бу талабга зид бўлган ҳар қандай бино бузилади ва талабга мослаштирилади. Ҳали қурилмаганларини ҳам қайта лойиҳалаш зарур бўлади», — дея Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вилоят ҳокими 1 мартга қадар 141та объект тўлиқ талабга мослаштирилиши ва белгиланган баландликдан ортиқ бўлган қисми бузилиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

18та объект эса 1 апрелга қадар тўлиқ бузиб ташланиши эълон қилинди.

«Ким белгиланган талаблар бўйича ишламоқчи бўлса, бундай объектларнинг ҳужжатлаштирилишида вилоят ҳокимлигининг ўзи ёрдам беради. Акс ҳолда, бундай ноқонуний қурилаётган биноларнинг тақдири суд тартибида кўриб чиқилади», — деган Турдимов.

Юқорида санаб ўтилган 15та ноқонуний барпо этилган объект ичида тураржой бинолари ҳам бўлиб, уларни талабга мослаштириш жараёнида уй-жойлари бузилаётган фуқароларга Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан вақтинчалик турар жой билан таъминлаш чораларини кўрилади.

Самарқанд вилоят ҳокимлиги Молия вазирлиги билан биргаликда кўп қаватли тураржойларнинг юқори қаватларини қуйи қават конструкциясига таъсир қилмаган ҳолда бузиш имконини берувчи махсус ускуналарни харид қилиш ёки ижарага олиш масаласини ҳам ўрганмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид