Қай бири тўғри: «Ўзбекистон тарихи»ми ёки «Жаҳон тарихи»?
Дарсликлардаги жузъий хатолар, факт ва рақамларнинг хато кўрсатилиши ўқувчиларни чалғитмоқда, ўзлаштириш даражасига таъсир қилмоқда. Бу борада Ma’rifat нашрида педагог эътирози келтириб ўтилган.
Бухоро туманидаги 13-ИДУМ ўқитувчиси Усмонжон Ҳайдаровнинг ёзишича, амалда қўлланилаётган тарих дарсликларида бир неча зиддиятли ўринлар мавжуд.
«Хусусан, 8-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 115-бетида Қўқон хонлиги 1710 йилда ташкил топган, дейилган. Худди шу дарсликнинг 117-бетида эса бу сана 1709 йил деб кўрсатилган. Эрон — Россия уруши (90-бет) ҳақида ҳам худди шундай хатоликка йўл қўйилган. Дарсликда мазкур уруш 1826 — 1829 йилларда содир бўлган, дея ёзилган. 8-синф «Жаҳон тарихи» дарслигида эса бу уруш борасида 1826 — 1828 йиллар кўрсатилган», — деб ёзади у.
Шунингдек, муаллифнинг баён қилишича, фан ўқитувчиларининг самарали фаолият олиб боришига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо — мавзули харита ва атласларнинг йўқлиги. Уларсиз тарихий давлатлар, жойлар, уларнинг ҳудуди тўғрисида тасаввур уйғотиш мушкуллигидир.
Аввалроқ янги авлод дарсликларини ишлаб чиқиш мақсадида «Ўқитувчи» нашриёт-ижодий матбаа уйи икки тузилмага ажратилиб, тузилмалардан бири илмий-услубий ноширлик марказига айлантирилиши ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги хабар берган эди.
Агентлик бош директори Комил Алламжоновга кўра, масъулиятли муҳаррирлар ва тажрибали педагоглар жамоаси бирга ишлаши назарда тутилмоқда.
«Марказда илм-фан мутахассислари, юқори педагогик тажрибага эга соҳа вакиллари ҳамда масъулиятли муҳаррирлар, мусаҳҳиҳлар гуруҳи жамланади. Уларга янги авлод дарсликларини ишлаб чиқишлари учун барча зарур шароит яратиб берилади», — деб айтганди.
Мазкур ўзгариш юқоридаги сингари муаммолар учун ҳам ечим бўла олса ажабмас.
Мавзуга оид
09:13 / 25.05.2024
Дарслик йўқолса, ўқувчи жарима тўлайди – мактабларда дарсликлар қандай ижарага берилади?
13:51 / 08.10.2018
Бўлажак «инноваторлар»да китоб йўқ: Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида дарсликлар етишмаяпти
10:35 / 10.09.2018
Ижарага берилган дарсликлар йўқолса, қанча жарима тўланади?
09:13 / 08.09.2018