Ўзбекистон | 13:51 / 08.10.2018
7667
3 дақиқада ўқилади

Бўлажак «инноваторлар»да китоб йўқ: Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида дарсликлар етишмаяпти

Фото: KUN.UZ

2018 йил 5 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида республикамиздаги умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларининг давлат стандартлари ҳамда талаблари асосида янги авлод дарсликлари ҳамда ўқув адабиётлари билан таъминланганлик даражаси назорат-таҳлил тартибида ўрганиш натижалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Парламент маълумотларига кўра, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим соҳасида ҳозиргача сақланиб қолаётган, ечимини кечиктириб бўлмас муаммолар ҳам талайгина. Хусусан, ўрганилган туманларда умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчиларнинг дарсликлар билан таъминланганлик даражаси пастлиги аниқланди. 

Жумладан, Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги таълим муассасалари таълим ўзбек, рус ва тожик тилларидаги 745079 тўплам дарсликлар билан, яъни ортиқча 63 669 тўплам дарсликлари билан таъминланган бўлса-да, 3-синф бўйича дарсликлар 98 фоизга таъминланган. Дарсликлардан фойдаланиш муддатининг 2 йилликдан 3 йилликка ва 4 йилликдан 5 йилликка узайтирилгани натижасида 2021 тўплам дарслик етишмаслиги аниқланди. Вилоятдаги таълим ўзбек тилида олиб бориладиган 68970 нафар ўқувчидан 67484 нафари дарслик билан таъминланган бўлиб, 1486 тўплам дарсликка эҳтиёж мавжуд.

Хоразм вилоятида ҳам дарсликлар 3-синфлар учун таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларда 96,4 фоиз, таълим қозоқ тилидаги мактабларда — 67, 4-синфлар учун ўзбек мактабларида — 98,8, қозоқ мактабларида — 82, 5-синфлар учун қозоқ тилли мактабларда —  68, туркман тилида дарс берадиган мактабларда — 70 фоизга, 11-синфлар учун таълим туркман тилида олиб бориладиган мактабларда 86 фоизга дарсликлар билан қамраб олинган, холос.

«Умуман олганда, янги ўқув йилининг иккинчи ойи бошланганига қарамасдан, республикадаги умумтаълим мактаблари бўйича тиллар ва синфлар кесимида етишмайдиган дарсликларни Халқ таълими вазирлиги томонидан қайта тақсимот қилиш ишлари ҳалигача ниҳоясига етказилмаган», - дейилади қўмита хабарида.

Шунингдек, йиғилишда ўрганилган ўрта махсус таълим муассасаларида ҳам дарслик ва ўқув адабиётлар, жумладан, умумтаълим фанлари, умумкасбий ва махсус фанлар бўйича янги авлод дарсликлари, ўқув адабиётлари билан таъминланганлик ҳолати талаб даражасида эмаслиги таъкидланди.  

Мавзуга оид