Ўзбекистон | 09:13 / 08.09.2018
9497
2 дақиқада ўқилади

Дарсликларни жойларга етказиш билан боғлиқ қатор муаммолар аниқланди

Фото: KUN.UZ

Ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун қулайлик яратиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги томонидан 2018-2019 ўқув йилида 1-11 синфларга мўлжалланган дарсликларнинг электрон шакллари www.eduportal.uz ахборот-таълим порталига жойлаштирилди. 

Дарслик муаллифлари мутахассисларнинг фикрларини билиши ва келгусида дарсликларни такомиллаштириш ва яхшилаш мақсадида, ушбу порталда босқичма-босқич ҳар бир дарслик бўйича шарҳ бериш имконияти берилади.

Шу билан бирга, дарсликларни тайёрлаш ва жойларга етказиш билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилганда, бир қатор муаммолар аниқланган, жумладан:

1. Дарсликларнинг нашр этиш жараёни нотўғри режалаштирилиши ва жойларга етказиб бериш муддатларининг қисқалиги, уларнинг сифатига ва ўз вақтида етказилишига салбий таъсир кўрсатган.

2. Муаллифлар билан ишлаш ва оригинал дарсликларни тайёрлашдаги қийинчиликлар.

3. Дарсликларни муддатида чоп этилмаганлиги туфайли, нашриётлар билан шартнома муддатларининг узайтирилиши.

4. Логистика муаммолари.

Шу муносабат билан, ўтган ўқув йилининг бошига қадар дарсликларнинг умумий сонидан 47 фоизи етказилган, қолган қисми эса бутун ўқув йили давомида (май ойига қадар) етказиб берилган.

Ўтган давр мобайнида халқ таълими вазирлигининг мутахассислари дарсликларнинг белгиланган муддатда жойларга, жумладан, чекка ҳудудларга етказиб беришни оптималлаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар рўйхатини ишлаб чиқдилар. Амалга оширилган ишлар натижасида, муҳим ютуқларга эришилди. Бугунги кунда дарсликларнинг 94 фоизи таълим муассасаларига топширилди. Мактаблардаги режалаштирилган ўқувчилар сони ва ҳақиқий ўқувчилар сонидаги фарқ туфайли, ҳозирги кунда баъзи бир дарсликларнинг мактаблардан мактабларга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.

“Ҳар куни вазирлик мутахассислари, юқорида кўрсатиб ўтилган муаммоларни бартараф этиш бўйича иш олиб боришмоқда. Шу муносабат билан, дарсликларнинг етишмаслиги ҳолатлари юзага келганда, вақтинча уларнинг электрон шаклидан фойдаланишингизни сўраймиз. Шунингдек, уларнинг электрон шаклидан чоп этишингиз ҳам мумкин”, - дейилади вазирлик хабарида.

Мавзуга оид