Дарсликлар кимларга бепул фойдаланишга берилади?
Биринчи синф ўқувчилари, “меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари, махсус мактаб ва мактаб интернат ўқувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг болалари дарсликлар билан бепул таъминланади.
Бу тоифага кирувчилар рўйхати ҳар йили 1 сентябргача тайёрланади.
Қолган ўқувчилар учун дарсликлар ижараси шартномаси тузилади ва 30 сентябргача ижара пули тўланиши керак. Ўқувчининг ота-онаси молиявий аҳволи яхши бўлмаса, бу муддатгача фақат 50 фоизини тўлаб, қолганини 30 ноябргача тўлаши мумкин.
Ўқувчи мактабини алмаштирса, дарсликни ташлаб кетади
Қоидага кўра, ўқувчи бошқа мактабга ўтганда унга бепул фойдаланиш учун берилган дарсликлар уч кун ичида умумтаълим мактаби кутубхона жамғармасига қайтарилиши лозим.
Бунда умумтаълим мактаби маъмурияти томонидан ўқувчи бу йил дарсликлар билан бепул таъминланиши кераклиги тўғрисида маълумотнома берилади. Бу маълумотнома билан ўқувчи янги мактабда ҳам бепул тарзда дарслик олади.
Ўқувчи китобни йўқотса-чи?
Агар ўқувчи дарсликни йўқотса ёки уни фойдаланишга яроқсиз ҳолатга келтирса, бунинг учун худди шу дарслик билан унинг ўрнини қоплаши керак. Ёки китобнинг бирламчи ҳужжатларда (ҳисоб-фактурада, юк хатида) кўрсатилган қийматини қуйидаги миқдорларда тўлайди:
1-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг бир баравари миқдорида;
2 — 4-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг икки баравари миқдорида;
5 — 9-синф ўқувчиларининг ҳар бир дарслик ва (ёки) ЎМҚлари учун — унинг тўрт баравари миқдорида.







