Спорт | 18:00 / 17.02.2019
19586
3 дақиқада ўқилади

«Реал» ўз уйида каталонларга ютқазди

Испания Ла Лигасида 24-тур учрашувлари давом этмоқда. Куннинг илк ўйини Мадридда кечиб, «Реал» ўз уйида Каталониянинг «Жирона»сига мағлуб бўлди.

Учрашувда ҳисоб мезбонлар томонидан очилди: 25-дақиқада Тони Крооснинг пасидан кейин Каземиро гол муаллифи бўлди. Аммо иккинчи бўлимда вазиятлардан унумлироқ фойдаланган «Жирона» ғалабани ўз томонига оғдира олди. Дастлаб 65-дақиқада пенальтидан Кристиан Стуани, ўн дақиқа ўтиб мезбонларнинг майдон марказидаги хатосидан кейин бошланган қарши ҳужум якунида Порту мезбонлар дарвозасини ишғол этиб, жамоасининг «Сантьяго Бернабеу»дан иродали ғалаба билан қайтишига замин яратишди.

Ўйин охирида мадридликлар сардори Серхио Рамос иккинчи сариқ карточкани олди ва майдонни эртароқ тарк этди.

Шу тариқа, «қироллик клуби»нинг чемпионатдаги ғалабали серияси якунланди, Солари шогирдлари беш ўйиндан буён фақат ғалаба қозониб келаётган, хусусан, ўтган турда «Атлетико»ни мағлуб этиб, узоқ танаффусдан сўнг 2-ўринга кўтарилиб олганди. Бугунги мағлубиятдан сўнг жамоа яна учинчи поғонага қайтди. Жироналиклар клуби эса 11 учрашув давом этган ғалабасиз сериясини якунлаб, 17-ўриндан 15-поғонага юқорилади.

«Реал» кейинги турда «Леванте» майдонига сафар қилади, учрашув 24 февралга белгиланган. Бу ўйиндан бир кун ўтиб «Жирона» ўз уйида «Реал Сосьедад»ни қабул қилади.

Испания чемпионати
24-тур
Реал – Жирона 1:2

Голлар: 1:0 – 25 Каземиро, 1:1 – 65, пенальти Стуани, 1:2 – 75 Порту.
Реал – Куртуа, Варан, Марсело, Одриосола, Рамос, Себальос (Диас, 74), Каземиро, Васкес (Винисиус Жуниор, 58), Кроос, Асенсио (Бэйл, 66), Бензема.
Жирона – Буну, Алькала, Хуанпе, Рауль Гарсия, Рамальо, Гранель, Порро (Лосано, 46), Порту (Фернандес, 84), Понс (Алеиш Гарсия, 46), Дуглас Луис, Стуани.
Огоҳлантиришлар: Лосано (48), Рамос (64), Алькала (86), Каземиро (88).
Четлатиш: Рамос (90, 2СК)

20:15. Валенсия – Эспаньол
22:30. Вильярреал – Севилья
00:45. Бетис – Алавес

18 февраль (Тошкентда 19 февралга ўтар кечаси)
01:00. Уэска – Атлетик

Мавзуга оид