Жаҳон | 22:01 / 17.02.2019
23253
2 дақиқада ўқилади

Солсберидаги соборга Россия байроғини илиб кетишди

Британиянинг Солсбери шаҳридаги соборга Россия байроғини илиб кетишди. Бу ҳақда маҳаллий Spire FM радиоси хабар берган.

Байроқ собор биносига ёндашган қурилиш ҳавозасига осиб қўйилган. Уни 17 февраль тонгида пайқашган. Бир неча соат ўтиб байроқни олиб ташлашган.

Собор бош руҳонийси Николас Пападопулос ҳодисани «аҳмоқона ҳаракат» сифатида баҳолаган.

Нашрлар бу иш Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия заҳарланганига бир йил тўлиши арафасида рўй берганига эътибор қаратишмоқда.

ГРУнинг собиқ офицери Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия 2018 йилнинг 4 мартида Солсберида номаълум моддадан заҳарланишганди.

Буюк Британия ҳукумати бу иш ГРУ агентлари Руслан Боширов (ҳақиқий исми Анатолий Чепига) ҳамда Александ Петров (ҳақиқий исми Александр Мишкин) томонидан содир этилганини билдирган. Бу шахслар RT бош муҳаррири Маргарита Симоньянга берган интервьюсида барча айбловларни инкор қилиб, Солсберига шунчаки айланиш учун боришганини айтиб ўтишган.

Мавзуга оид