Жаҳон | 07:58 / 15.12.2018
11546
2 дақиқада ўқилади

Солсберилик полициячилар Скрипалларга биринчи ёрдам қандай кўрсатилганини маълум қилишди

Фото: Stansall/AFP/Getty Images

Сергей ва Юлия Скрипалларга биринчи ёрдам кўрсатган полициячилар россияликлар Солсберидаги савдо маркази ёнида жойлашган скамейкада топилган кун ҳақида батафсил маълумот беришди. Констебль Алекс Коллинс ва полиция сержанти Трейси Холлоуэй билан интервью жума куни «Гардиан» газетасининг сайтида эълон қилинди.

Алекс Коллинс ва Трейси Холлоуэй
Фото: Sam Frost/Guardian

Полиция ходимлари сўзларига кўра, уларнинг навбатчилиги 4 март куни маҳаллий вақт билан соат 15:00да бошланган - полицияга жамоат жойида ўзини ёмон ҳис қилаётган кекса эркак ва ёш аёл ҳақида хабар келиб тушишидан бир соат-у ўн беш дақиқа аввал. Холлоуэйнинг айтишича, бир кун аввал қўл остидаги ходимлар кучли қор сабабли анча оғир шароитда ишлашган ва ўша куни уларга бир оз дам олишга рухсат берган ҳамда «ҳеч нарсага аралашмасликлари»ни айтган. Хабар келиб тушганидан сўнг, полиция наряди участкадан воқеа жойига икки дақиқада етиб борган, ёрдамга муҳтож бўлган одамлар ҳолати уларга дарҳол ғалати туюлган.

«Аёл ерда ён томони билан ётганди, шифокор бўлиб чиққан ўткинчи шахс эса, ўпкасига ҳаво юбориш орқали унга ёрдам кўрсатаётганди. Менимча, агар у бу ишни қилмаганида, аёл вафот этган бўларди», - деди Холлоуэй.

Скрипалнинг ўзи, полиция вакили сўзларига кўра, одатдагидек нафас олган, бироқ скамейкада ҳайкал каби қотиб ўтирган ҳамда ҳеч қандай реакция билдирмаган. Бундан ташқари, у ўз ҳолатини ўзгартира олмаган, полициячилар кейинчалик тиббиёт ходимларига уни замбилга юклашда ёрдам берган вақтида ҳам ўтирган ҳолда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скрипаллар ҳарбий базада ушлаб турилгани тахмин қилинганди.

Мавзуга оид