Ўзбекистон | 20:20 / 18.02.2019
54979
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» зиммасида катта давлат қарзи мавжуд

Ўзбекистонда миллий авиакомпания, аэропорт ва авиадиспетчерлик хизмати бир ташкилот сифатида ишлагани мамлакат ҳаво транспорти ривожига улкан фойда бермаган. Бу ҳақда Жаҳон Банки гуруҳи ва Халқаро молия корпорацияси мутахассислари томонидан эълон қилинган «Ўзбекистонда бозорларни ташкил этиш. Барқарорликдан рақобатбардошликка қадар» номли ҳисоботида айтилади. 

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК эски совет моделидан воз кечмаган ҳолда ҳаво транспорти муносабатларини сақлаб қолганди: бир ташкилот ҳаво ва унга боғлиқ барча хизматларни бошқаради. Халқаро фуқаролик авиация ташкилоти тавсиясига биноан парвозлар бўйича назорат инспекцияси МАК таркибидан чиқарилди, аммо инспекциясини молиялаш «Ўзбекистон ҳаво йўллари» зиммасида эди. Давлат эса МАКни миллий иқтисодиётнинг ажралмас қисми сифатида ҳимоя қилиб келди»,  — дейилади ҳисоботда. 

Президент Шавкат Мирзиёев 27 ноябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиациясини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Ушбу ҳужжат билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси қайта ташкил этилиб, унинг негизида Uzbekistan Airways ва аэропортлар устидан бошқарув ўрнатувчи Uzbekistan Airports компаниялари (МЧЖ) тузилди.

Шунингдек, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» таркибига кирувчи барча давлат унитар корхоналари масъулияти чекланган жамиятларга айлантирилди. Бу, хусусан, самолётларга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлашга ихтисослашган Uzbekistan Airways Technics авиакорхонасига ҳам тааллуқли. «Ўзаэронавигация» маркази эса Вазирлар Маҳкамаси ихтиёрига ўтказилди. «Махсус авиация ишлари авиакомпанияси» негизида эса Uzbekistan Helicopters компанияси тузилди.

Бундан ташқари, янги ташкил этилган Транспорт вазирлиги ҳузурида Фуқаро авиацияси агентлиги иш бошлади. Шунга қарамай, ҳаво транспорти билан шуғулланган давлат корхонасининг қарзи жиддий муаммо эканлиги айтилмоқда. 

«Инвестиция ва имтиёзлардан тўғри фойдаланса, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ҳам ривожланиб боради, аммо бу рақобат муҳитида юз беради. Масалан, Emirates Airlines ё Singapoore Airlines ҳам давлат корхонаси ҳисобланади. Яқин кунларда МАК катта давлат қарзи билан боғлиқ муаммога дуч келиши мумкин. Янги самолётларни сотиб олиш, аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш каби масалалар туфайли «Ўзбекистон ҳаво йўллари» катта қарзга ботган ва бу дарҳол ҳал этилиши керак», — дейилади ҳисоботда.

Мавзуга оид