Ўзбекистонда ҳафта давомида қандай об-ҳаво кутиляпти?
19 февраль куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмига Туркманистондан илиқ ҳаво оқимлари кириб келиши кутилмоқда, фақатгина шимолий ҳудудлар Волгабўйидан кириб келадиган нам ва салқин ҳаво оқимлари таъсирида бўлади. Республика ҳудудида ёғингарчилик кутилмайди, шимолий туманларда қор ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси 0-5 даража, кундузи 8-13 даража, шимолда 0-5 даража илиқ бўлади.
20-21 февраль кунлари Волгабўйи туманларидан кириб келган нам ва салқин ҳаво республиканинг барча ҳудудларига таъсир қилади. 20 февраль куни республиканинг катта қисмида ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, шимол ва Фарғона водийсида ёғингарчилик кутилмайди. 21 февралда республика бўйлаб ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида қор ёғиши мумкин. 22-23 февраль кунлари салқин ҳаво оқимлари аста-секин чекинишни бошлайди.
20 февралда ҳарорат кечаси ва кундузи 0-5 даража илиқ, 21 февраль куни кечаси 0-5 даража совуқ, кундузи 0-5 даража илиқ бўлади. 22 февраль куни кечаси 2-7 даража совуқ, кундузи 5-10 даража илиқ бўлиши мумкин. 23 февралда кечаси 3 даража совуқ – 2 даража илиқ, кундузи 7-12 даража илиқ бўлади.