Ўзбекистон | 19:09 / 18.02.2019
10916
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Ислом молиялаштириш инструментларидан фойдаланишга қизиқиш пайдо бўлмоқда

Фото: KUN.UZ

Халқаро молия институтлари Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишда Ислом молиялаштириш инструментларидан фойдаланиш имконият ва истиқболларини ўрганаётганини билдирди. Бу ҳақда Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги вакиллиги раҳбари Зафар Ҳошимов 18 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди. 

«Биз, Жаҳон Банки гуруҳи таркибига кирувчи ташкилот сифатида, Ўзбекистонда Ислом молиялаштириш инструментларидан фойдаланиш имкониятларини ўрганиб чиқмоқдамиз. Бунинг учун жозибадор лойиҳаларни ўрганиб чиқиш, уларга маблағларни жалб этиш масаласини кўриш керак», — дейди Зафар Ҳошимов.  

Ўзбекистон 2019 йил февралдан Ислом тараққиёт банки гуруҳига тегишли бўлган Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси ҳамда Инвестициялар ва экспорт кредитларини суғурталаш ислом корпорациясига аъзо бўлганди. 
Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли икки ташкилот қарорлари билан Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки гуруҳининг барча ташкилотларига аъзоликни қўлга киритди.

2018 йил 9 ой якунлари бўйича эълон қилинган маълумотга кўра, Ислом тараққиёт банки гуруҳи томонидан  Ўзбекистон Республикасидаги лойиҳаларни молиялаштиришни бошлангандан сўнг жами портфель қиймати 1,9 млрд. АҚШ долларини ташкил этган. Шундан сўнг, Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида 2018-2021 йиллар давомида 1,3 миллиард доллар маблағ ажратиладиган Ҳамкорлик стратегияси имзоланганди.

Мавзуга оид