Жаҳон | 01:30 / 18.02.2019
15875
2 дақиқада ўқилади

Саакашвили ҳақиқий грузинлигини исботлашга қарор қилди  

Фото: Facebook/Mikheil Saakashvili

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Facebook’даги саҳифасида ўзи ўтган генетик синов натижаларини эълон қилди.

Фото: Facebook/Mikheil Saakashvili

Саакашвилининг айтишича, унда “бир томчи ҳам грузинча бўлмаган қон мавжуд эмас”.

“Мени қизиқувчанлигим тутиб, Америкада оммалашган генетик синовдан ўтишга қарор қилдим. Аниқланишича, мен деярли 99 фоизга грузин ва 1 фоизга грек эканман”, деб ёзган сиёсатчи.

У натижалар аниқ эканлигига ишончи комиллигини қўшимча қилган.

“Аниқланишича, менинг аждодларим кўплаб асрлар давомида грузинлардан бошқа миллатлар билан чатишмаган экан ва мен европалик аёл билан никоҳ қуриб, бу анъанани биринчи бўлиб буздим”, деб қўшимча қилган собиқ президент.

У барча қўшниларини ҳурмат қилишини ва Грузиянинг ҳар қандай миллатдаги ватанпарварларини яхши кўришини айтган.

Эътиборли жиҳати, сиёсатчи ўтган синовда унинг 175 миллатга мансублиги текширилган. Жумладан, натижалар орасида унинг ўзбек миллатига мансублиги аниқланмаганини кўриш мумкин.

Сиёсатчи уни бошқа миллатга мансуб деб ҳисоблайдиганлар ва генетик фаннинг аниқлигига шубҳа қиладиганларга ушбу синовдан ўтишни таклиф қилган. Саакашвили президент бўлганда ОАВда унинг арман, яҳудий ва озарбойжон миллатига мансублиги ҳақида тахминлар билдирилган.

Мавзуга оид