Спорт | 19:15 / 18.02.2019
24426
9 дақиқада ўқилади

Тартибсизлик. «Супермаслига» янги мавсум арафасида

Профессионал футбол лигаси 2019 йилги мамлакат чемпионати баҳслари 8 мартдан бошланишини эълон қилди. Янги чемпионатга қуръа ташлаш маросими эса 25 февралда ўтказиладиган бўлди.

ПФЛ ва ЎФАнинг фаолияти кўп танқид қилинди. Фойдаси бўлмагач, ОАВнинг ҳам тоқати тоқ бўлди ва бугун футбол мулозимлари кўп ҳам танқид қилинмаяпти. Лекин ПФЛ ҳеч бўлмаса айтган гапини ўз вақтида бажармагани ташкилот номини яна аччиқ сўзлар билан тилга олишга мажбур қилмоқда.

ПФЛ чемпионатнинг янги мавсуми 1 мартда бошланишини айтганди, лекин 18 февраль куни ташкилот чемпионат 8 мартдан бошланишини маълум қилди. Янги мавсумга қуръа ташлаш маросими эса 25 февраль куни ўтказилади. Бир қарашда чемпионат бошланиши бир ҳафта кечга сурилиши фожиа эмас, лекин профессионал ташкилотнинг бундай иш тутиши унинг статусига салбий таъсир қилади. Келинг, шу ўринда ПФЛнинг охирги вақтларда қилаётган яна бошқа профессионалликдан йироқ ҳаракатларини санаб ўтсак.

Ўзбек футболидаги ислоҳотлардан сўнг бир нарса одат тусига кирди: тартибсизлик. Чемпионат тақвими эълон қилинади, лекин у тақвимни мавсум аввалида деворга уриб қўйишдан мантиқ йўқ. Чунки тақвим албатта мавсум давомида бир неча ўн марта ўзгаради. Биринчи Лига ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Дарвоқе, эндиликда уни Про-Лига деймиз. Про-Лига дегани профессионаллар лигаси дегани. Аммо бу лигадаги жамоалар меҳмондаги ўйинларга шифокор ва ҳатто захира дарвозабонларисиз йўл олишади. Чунки йўл харажатлари оғирлик қилади.

Баъзан Про-Лига жамоалари сафардаги ўйинларга бормаганликлари учун уларга техник мағлубият ҳам ёзиб турилади. Про-Лиганинг «Б» гуруҳида эса аҳвол ундан ҳам ачинарли. Стадионларнинг аҳволига қараб бўлмайди, баъзан захира футболчиси бўлмагани сабаб жамоалар жароҳатланган футболчилар ўрнига бошқасини ҳам тушира олишмайди. Про-Лиганинг қуйи қисмидаги жамоалар футболчиларига маош бериши ҳам даргумон. Мана шундай алламбало жамоалар ўйнайдиган чемпионат қанақасига Про-Лига бўлсин? Чемпионатнинг номини супер деб қўйган билан иш битса, биз аллақачон чиндан ҳам супер чемпионатга эга бўлардик.

Бироқ ҳозирча бизнинг чемпионатнинг фақат номигина супер. Мавзудан узоқлашиб кетдик, а? Демак 18 февралдаги баёнот ҳақида. Унда айтилишича, янги мавсум учун қуръа 25 февраль куни ташланади. Бу куни қуръа ташлашнинг ўзи бўлса ҳам майли эди, ўша куни янги мавсумда қатнашадиган жамоалар сони аниқ бўлади! Тасаввур қиляпсизми, 8 март куни бошланадиган чемпионатда қайси жамоалар қатнашиши 25 февраль куни аниқ бўлади. Келаси мавсумда чемпионатда қайси жамоа қатнашиш-қатнашмаслиги ўтган мавсум якунида аниқ бўлиши керак эмасми? Йўқ, бизнинг футболдаги ислоҳотчилар бошқаларга ўхшашни хоҳламайдилар ва шу сабаб ҳар қандай қоидаларни индамай бузаверадилар.

Бу гапларни ПФЛдагиларга айтсангиз, битта жавобни эшитасиз: жамоалар лицензиялаш талабларини бажаришмаган. Шу сабаб ҳали янги мавсумда чемпионат 12та эмас, 10та жамоа билан ҳам бошланиши мумкин. Иккита жамоа ўтган мавсумда чемпионатдаги ўрнини сақлаб қолган бўлса-да, янги мавсумни қуйи лигада бошлаши мумкин. Қуйи лигада эса ҳали умуман ҳеч нарса аниқ эмас. Янги мавсумдан Про-Лигада «А», «Б» лигаларидан ташқари алифбонинг бошқа ҳарфлари билан аталадиган лигалар пайдо бўлса ҳам ажабланманг.

«Сурхон» Суперлигада ўйнайдими?

Охирги вақтларда «Сурхон» Суперлигага чиқаркан, деган гаплар кўпайди. Бу аслида ишониш қийин бўлган гап, чунки ўтган мавсумда Про-Лигада 4-ўринни қўлга киритган жамоа ҳеч қанақасига кейинги мавсумда юқори дивизионда ўйнай олмайди. Агар Суперлигадан қайсидир жамоа тушиб кетса ҳам (ишқилиб бундай бўлмасин), унинг ўрнига «Машъал» ёки «Истиқлол» чиқиши керак. «Сурхон»нинг юқори дивизионда ўйнаш учун юридик асоси ҳам йўқ. Лекин ПФЛ «Суперлигада ПФЛ талабларини бажарган жамоаларгина ўйнайди» деган гапи билан «Сурхон»нинг 2019 йилни юқори дивизионда бошлашини истисно қилмагандек. Биз ҳам Сурхон диёрига катта футбол қайтишини истаймиз, лекин бу тарзда эмас.

Тасаввур қилинг, Ўзбекистондаги бирор бой инсон кутилмаганда футболга қизиқиб қолди. Айтайлик, ўша бойвачча бугун тунда ўтказиладиган «МЮ» ҳамда «Челси» жамоалари ўртасидаги ўйинни кўриб, битта клуб очаман деб ният қилди. Битта ўйин нимани ҳам ўзгартирарди деб ўйласангиз, сизга битта мисол келтирамиз. Роман Абрамович 2003 йил 23 апрелда Чемпионлар Лигаси чорак финалидан ўрин олган «МЮ» ҳамда «Реал» жамоаларининг «Олд Траффорд»даги ўйинини (сэр Алекс Бекҳэмдан аразлаб уни захирада қолдирган, лекин захирадан ўйинга қўшилган Дэвид иккита гол уриб «Юнайтед» 4:3 ҳисобида ғалаба қозонган ўйин) стадиондан томоша қилади. Ўйин тугаши билан иш бошқарувчисига қўнғироқ қилган Абрамович унга шундай дейди: «Инглиз клубларининг нархларини суриштир, улардан бирини сотиб оламиз».

Демак, Ўзбекистонда клуб очмоқчи бўлаётган бой киши ҳақидаги фантазиямизга қайтсак. Хуллас, шундай одам йўқ жойдан жамоа тузса, унга база қурса, шароитларни қойиллатиб қўйса, бирор стадионни олиб, қулинг ўргилсин қилиб таъмирласа, мураббийига галстук тақдирса, бирор ёввойи ҳайвонни танлаб, уни жамоа рамзига айлантириб маскот ясаса, бир сўз билан айтганда, ПФЛнинг барча талабларини бажарса, у томдан тараша тушгандай Суперлигада ўйнаб кетиши мумкинми? Аслида йўқ, лекин ПФЛнинг бугунги ўта мантиқсиз, куракда турмайдиган сиёсатига кўра мумкин. Ахир саралашда қатнашишга ҳаққи бўлмаган ва янги очилган жамоанинг нима фарқи бор? Эсингизда бўлса, бир вақтлар «Олмалиқ» йўқ жойдан Олий Лигага олиб чиқилганди. Аслида мана шундай қарорлари билан ПФЛнинг ўтган раҳбарияти ўз обрўсини футболчилар ва мухлислар олдида йўқотганди. Биз эса ПФЛ салобатли ташкилот бўлишини, уни барча ҳурмат қилишини хоҳлаймиз. Лекин тартибга эмас, буйруқбозликка асосланган ишлар билан бунга эришиб бўлмайди.

Дарвоқе, саралаш деганда. ПФЛ биздаги чемпионатлар Про-Лигага келиб тугайди деб ўйлайдиган кўринади. Икки йилдан буён Иккинчи Лига жамоалари ўртасида Про-Лигага ўтиш ўйинлари (халқ тилида «пулка») ўтказилмаётганига яна қандай таъриф бериш мумкин? Аввал барча вилоят чемпионлари ўртасида саралаш ўйинлари ўтказилар ва ғолиблар Биринчи Лига йўлланмасига эга бўлишарди. Икки йилдан буён бу анъанага чек қўйилди ва Иккинчи Лига ўйинлари расмиятчилик учун ўтказиляпти. Ахир ўз дивизионида ғолиб бўлган жамоа кейинги мавсумда юқори дивизионга кўтарила олмаса, у қандай мотивация билан футбол ўйнасин? Нимага интилсин? Аслида жамоалар мана шундай йўқолиб кетишади...

ПФЛнинг жамоаларга талаб қўяётгани жуда яхши, шунча йил ўз билганини қилган, ҳеч кимга ҳисоб бермаган клублар ҳам ишласин, ҳаракат қилсин, лекин ПФЛ спорт принципларини барча нарсадан муҳимроқ ҳисоблаши шарт. Лицензиялаш жараёнини соддалаштириш, уни сал олдинга суриш керакдир балки. Ҳар ҳолда чемпионат ўз йўлига тушиб олмаса, ҳар йил бир хил вақтда бошланиб, бир хил вақтда тугамаса. Кейинги мавсумда қайси жамоалар ўйнаши, чемпионат қандай ўтиши олдинги мавсум якунидаёқ аниқ бўлмаса, ривожланиш бўлмайди.

Аслида бирор нимани ривожлантириш учун қандайдир радикал ўзгариш шарт эмас. Масалан, чемпионатни. Битта тўғри йўлни танлаб олиш керак ва ўша йўлдан оғишмай боравериш керак. Қуйида барқарорлик самараси ҳақида икки оғиз: бир инсон қуп-қуруқ чўпни бир тепаликка қадабди. Унга ҳар куни бир вақтда бориб сув қуйибди. Одамлар бу инсоннинг ишига ҳайрон қолибди. Ажойиб кунларнинг бирида эса қуп-қуруқ чўп кўкарибди. Чунки унга ҳар куни бир вақтда сув қуйилганди. Хуллас, тартибда гап кўп, азизлар...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид