Жаҳон | 08:48 / 18.02.2019
16081
2 дақиқада ўқилади

Трамп разведканинг Шимолий Корея ҳақидаги ҳисоботига Путин сабабли ишонмагани маълум қилинди 

Фото: Guido Bergmann/Bundesregierung via Getty Images

АҚШ президенти Дональд Трамп разведканинг Шимолий Кореяда АҚШ ҳудудигача етиб бора оладиган ракеталарга эгалиги ҳақидаги ҳисоботига ишонмаган, чунки Россия президент Владимир Путин унга бунинг аксини айтган. Бу ҳақда ФҚБнинг собиқ вақтинчалик директори Эндрю Маккейб CBS телекомпаниясига берган интервьюсида маълум қилган. 

“Президент Трамп Шимолий Кореяда АҚШга баллистик ракеталар билан зарба бериш имконияти борлигига ишонмаслигини айтган. У Путин шимолликларда бундай имконият йўқлигини айтгани сабабли разведкага ишонмаган. Президент Путин унга Шимолий Кореяда аслида бундай ракеталар йўқлигини айтган”, деб таъкидламоқда Маккейб.

Унинг таъкидлашича, разведка хизмати ходимлари Оқ уйдаги брифингда Путиннинг айтганлари разведканинг бирор ҳисоботидаги маълумотга мос келмаслигини айтишганда, президент “Менга барибир, мен Путинга ишонаман”, деб айтган.

“Бунга ақлбовар қилмайди. Разведка хизматлари АҚШ президентига қарор қабул қилишида ёрдам бериш учун шунча вақт, куч сарфлайди. Бу ҳаракатларга мутлақ ишонмасликка, Трампнинг ишларнинг асл ҳолатига ишонишни истамаслигига дуч келиш – бу ҳақиқий шок эди”, деб ўз сўзларини якунлаган Маккейб.

Аввалроқ Маккейб ФҚБнинг собиқ вақтинчалик раҳбари вақтида Трампга нисбатан иккита тергов ўтказишга буйруқ берганини айтиб ўтган. Унинг таъкидлашича, Трамп 2017 йил май ойида ФҚБ раҳбари Жеймс Комини истеъфога чиқаргандан кейин адлия вазирлигида АҚШ конституциясига 25-тузатмани амалиётда қўллаш имконияти муҳокама қилинган бир қатор йиғилишлар ўтган. Унинг биринчи бўлимида “Президент лавозимидан четлатилса ёки вафот этса, ёхуд истеъфога чиқса, вице-президент президент бўлади”, дейилган.

Маккейб Коми истеъфога чиқарилгандан кейин 2017 йил 9 майдан 2 августгача ФҚБ директори вазифасини бажарувчи лавозимини эгаллаган. 

Мавзуга оид