Ўзбекистон мудофаа вазири АҚШ қуролли кучлари қўмондони билан музокара ўтказди
Бугун, 20 февраль куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлигида мудофаа вазири генерал-майор Баҳодир Қурбонов ва АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлик қўмондони генерал Жозеф Вотел музокаралар ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
“Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, ҳарбий таълим ва мудофаа соҳаларида истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётгани алоҳида таъкидланди”, дейилади хабарда.
АҚШ томони ҳарбий ва ҳарбий-техника соҳасида, шунингдек, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги долзарб масалаларга ва Ўзбекистон-Америка мудофаа идоралари ўртасидаги келишувларга Ўзбекистон алоҳида эътибор қаратаётганини эътироф этди.
Учрашув давомида Афғонистондаги вазиятни ўнглаш, халқаро терроризмга барҳам бериш ҳамда минтақада тинчликни барқарор ушлаб туриш бўйича фикрлар алмашилди.
Ўзбекистон минтақанинг барқарорлиги ва ривожланишига сезиларли даражада таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистон давлатида тинчлик ва хавфсизлик йўлидаги барча ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
2018 йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида Афғонистон масалалари бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» халқаро анжуманининг ўтказилган, унинг якунида «Тошкент декларацияси» қабул қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон мудофаа вазири Жозеф Вотел бошчилигидаги делегацияни кутиб олган эди. Шу йилнинг январь ойида эса Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги делегацияси АҚШда бўлиб, мамлакатимиз махсус бўлинма ҳарбий хизматчилари иштирокида Кемп-Шелби ҳарбий базасида ўтказилган “Жанубий зарба” ҳамкорликдаги машғулотларни кузатди ҳамда CENTCOM қўмондонлиги билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.
Мавзуга оид
20:57 / 11.11.2024
Германия ТИВ раҳбари мудофаа харажатларини оширишга чақирди
19:02 / 28.10.2024
Ўзбекистон дунёнинг энг кучли армиялари рейтингида 20 таликка кирди
18:22 / 18.08.2024
Тергов Шойгунинг собиқ ўринбосарининг бошқа жиноятларга ҳам алоқадорлигини текширади
18:32 / 13.08.2024