Жаҳон | 07:20
5165
3 дақиқада ўқилади

Мудофаа учун 1 киши ҳисобига сарф: етакчи давлатлар рўйхати

Жаҳон ҳарбий харажатлари кўпинча улкан миллий бюджетлар призмасидан баҳоланади — бунда диққат одатда АҚШ ва Хитойга қаратилган бўлади. Аммо мудофаа харажатларини ҳар бир аҳолига қайта ҳисоблаб кўрилса, манзара кескин ўзгаради: энг юқори ўринларга йирик мамлакатлар эмас, балки нисбатан кичик давлатлар чиқиб қолади.

Фото: AP

Янги визуализация мудофаа соҳасига бир фуқаро ҳисобига тўғри келадиган харажатлар ҳажми бўйича етакчи давлатларни саралаб кўрсатади. У аҳоли сонига нисбатан қайси мамлакатлар ҳарбий қудратга кўпроқ маблағ ажратаётганини, шунингдек АҚШ қандай кўриниш олишини — сарфларни умумий миллиард долларлар билан эмас, балки ҳар бир инсон ҳисобига ҳисоблаганда яққол намоён қилади. Маълумотлар манбаи — Стокҳолм халқаро тинчлик муаммоларини тадқиқ этиш институти (SIPRI).

Биринчи ўринни Исроил эгаллайди: у 2024 йилда мудофаа учун ҳар бир инсонга қарийб 5000 доллар сарфлаган. Бу кўрсаткич мамлакат доимий хавфсизлик таҳдидларига дуч келиши, шунингдек мажбурий ҳарбий хизмат мавжудлиги билан изоҳланади. Жаҳон миқёсида нисбатан камтар умумий ҳарбий бюджетга — тахминан 47 миллиард долларга эга бўлишига қарамай, аҳоли жон бошига тўғри келадиган харажатлар бўйича у билан тенглашадиган давлат деярли йўқ.

Рейтингда унга яқин ўринларда бошқа кичик ёки иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлар ҳам бор. Сингапур ҳар бир инсонга 2500 доллардан кўпроқ сарфлайди — бу унинг стратегик жойлашуви ва технологик устунликка урғу бериши билан боғлиқ. Норвегия ва Дания ҳам биринчи ўнталикка киради: бунга юқори даромадлар ҳамда НАТО доирасида ортиб бораётган мажбуриятлар сабаб бўлмоқда.

Қўшма Штатлар иккинчи ўринни эгаллаб, ҳар бир аҳолига қарийб 2900 доллар сарфлайди. Бу улкан ҳарбий бюджет ва катта аҳоли сони уйғунлигини акс эттиради. Хитой эса рейтингда анча пастда: умумий ҳарбий харажатлари 300 миллиард доллардан ортиқ бўлса-да, аҳоли жон бошига тўғри келадиган сарф атиги 221 долларни ташкил қилади.

Европанинг йирик давлатлари — Германия, Франция ва Буюк Британия — рўйхатнинг ўрта қисмида жойлашган: улар мудофаа мажбуриятларини катта аҳоли сони ва ижтимоий харажатлар билан мувозанатлаштиришга интилмоқда.

Россия дунёда 15-ўринда бўлиб, ҳар бир инсонга 1026 доллар сарфлаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид