Спорт | 21:59 / 21.02.2019
15991
3 дақиқада ўқилади

«У зални ҳеч нарсага ишлатиб бўлмайди». Вазир собиқ жамғарма молиялаштирган спорт залларини танқид қилди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

2002 йилда Ўзбекистонда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси тузилган ва ўтган йилга қадар унинг маблағлари ҳисобидан республика бўйлаб кенг кўламда спорт мажмуаларини қуриш ишлари олиб борилган эди. Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг фикрича, йиллар мобайнида ушбу жамғарма томонидан намунавий лойиҳалар асосида спорт иншоотларини бунёд этиш ишларига нотўғри ёндашиб келинган.

«Йиллар давомида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан кўп-кўп спорт иншоотлари фойдаланишга топширилган. Биласизлар, уларнинг ҳаммаси «типовой» бўлган. Лойиҳалар бешта типдан иборат бўлган», – деган Набиевнинг матбуот анжуманидаги сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Уларнинг қурилишига жойлашуви, шароитидан келиб чиқиб ёндашилмаган. Чунки, мисол учун, жойларда юрганда кўрамиз, 18х42 ўлчамдаги катта зал, уни ўртасида битта ринг қўйиб қўяди. Шу билан уни на мини-футболга, на волейболга, на баскетболга, на бадминтон ва на гандболга ишлатса бўлади. У зални ҳеч нарсага ишлатиб бўлмайди. Ёки тескариси, зал кичкина. Бу спорт заллари спорт ўйинларига мўлжалланмаган ва аҳоли сонидан келиб чиқмаган ҳолда қуриб қўйилган.

Шу муносабат билан юртбошимиз топшириқ бердилар. Бу ташаббус дастлаб Сирдарё вилоятида амалга оширилади. Тез битадиган, енгил конструкциядан иборат, сэндвич панеллар асосида қуриладиган янги лойиҳалар ишлаб чиқилди. Улар замонавий, кўп харажат талаб қилмайди, иситиш ва совутиш ҳам осон. Бундай биноларга хизмат кўрсатиш ҳам жуда қулай», – дея айтиб ўтди Дилмурод Набиев.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири сўзларига кўра, Ўзбекистонда спорт иншоотлари қурилиши ва таъмири бўйича 2020-2024 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил март ойида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари тугатилиб, уларнинг негизида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган эди.

Мавзуга оид