Тураржойларнинг бузилиши каби сўнгги вақтларда тобора долзарблик касб этаётган муаммо мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишдек умумий муаммонинг фақатгина бир қисмидир, дейди иқтисодчи Юлий Юсупов ўзининг Kun.uz учун ёзган мақоласида.

Агар биз замонавий, цивилизациялашган жамият қуришни истасак, мулк ҳуқуқини ҳимоялашнинг самарали тизими ҳамда мулкдорларнинг лаёқатли синфини яратишимиз керак бўлади. Уларсиз ҳуқуқий давлат, демократик институтлар ва бозор иқтисодиёти барқарор фаолият кўрсатиши имконсиз.

Кўпчиликнинг наздида, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш гарчи «тўғри» бўлса-да, «реал ҳаёт»дан йироқ бўлган аллақандай абстракция. Аллақаёқдаги «Ғарб»да бу ишлаши мумкин, лекин биз бошқа воқеаликда яшаймиз ва биз бунга етишишимиз учун эҳ-ҳей… Ёки ҳаттоки мана бундай ёндашув ҳам бор: мулк ҳақидаги гап-сўзлар бойваччаларга керак, ўғрилик ортидан орттирган бойликларини сақлаб қолиш учун. Яқиндагина қишлоқ хўжалигига тааллуқли бўлмаган ерларни хусусий мулк қилиб бериш ҳақдаги қарорларга реакцияларни ёдга олайлик: «биз ҳали бунга тайёрмасмиз», «ер — муқаддас нарса, уни хусусий қўлларга топширмаслигимиз керак».

Аслида, мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш — абстракция эмас, аксинча, конкрет ва амалий субстанция бўлиб, у нафақат бадавлат инсонларга, балки барчага тааллуқлидир. Буни эса инсонлар ўз ҳуқуқ ва манфаатларига тўғридан-тўғри дахл қилинганидагина англаб етишади.

Бу эса ҳар ерда, деярли ҳар куни содир бўлмоқда. Масалан:

  • Тураржой биноларини бузишмоқда ва у ерда истиқомат қилаётган одамларни квартираларидан мажбуран чиқаришмоқда (кўпчилик учун бу ўзлари эга бўлган асосий мулкдир);
  • Мулкдан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини тартибга солувчи ижара шартномаларига терс ўлароқ, тадбиркорлардан майдонлар, фермерлардан ерлар тортиб олинмоқда;
  • Фермерлар фақат маълум бир турдаги маҳсулот етиштириш ва етиштирилган маҳсулотни давлатга паст нархларда сотишга мажбурланмоқда (бу ерда ердан ва етиштирилган маҳсулотдан фойдаланиш ҳуқуқлари бузилмоқда);
  • Ўз маҳсулотини эркин сотишни тақиқлашмоқда, масалан, яқиндагина мева-сабзавотлар экспорти билан бўлганидек (экспорт квоталари, фақатгина давлат компаниялари орқали экспорт қилиш, ундан паст сотишни тақиқловчи чекловчи нархлар ўрнатилиши);
  • Бизнес ҳамкорлар шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармайди, масалан, қарзларни ўз вақтида қайтармайди, етказиб берилган маҳсулотга ҳақ тўламайди (ҳуқуқ-тартибот ва суд тизими эса жабрланган томонни умуман ёки яхши ҳимоя қилмайди);