Kun.uz 9 апрел куни эълон қилган мақоласида жуда муҳим ҳуқуқий муаммони кўтариб чиқди: тадбиркорлик субъектларига тегишли кўчмас мулклар сохта имзолар қўйилган умумий йиғилиш қарорлари асосида банк кредити учун гаров таъминоти сифатида расмийлаштирилган, кредит маблағлари эса бошқа шахслар томонидан ўзлаштирилган.

Суд ҳукми билан, уч нафар шахс фирибгарлик ва ҳужжатларни қалбакилаштириш жиноятларида айбдор деб топилган, мулк эгалари ҳаракатларида эса жиноят аломатлари йўқлиги қайд этилган. Шунга қарамай, кейинги фуқаролик ва иқтисодий суд жараёнларида ундирув айнан жиноятга алоқадор бўлмаган мулк эгаларининг гаровга қўйилган мулкларига қаратилмоқда.

Бу ерда масала шунчаки “банк ажратган кредитини қайтариб олиши керакми ёки йўқми?” деган савол билан чекланмайди. Албатта, банк зарар кўрган бўлса, қарздор ва жиноят содир этган шахслардан ундириш ҳуқуқига эга. Асосий савол бошқа: жиноят орқали вужудга келган сохта корпоратив ирода, яъни таъсисчилар номидан қалбакилаштирилган қарорнинг ҳақиқий эмаслиги – у билан боғлиқ гаров ва кредит муносабатларининг ҳам ҳақиқий эмаслигига олиб келадими?

Фуқаролик ҳуқуқида ушбу ҳолат “домино эффекти” принципи орқали тушунтирилади. Домино эффекти – бу бир ҳодиса бир қатор ўхшаш ёки боғлиқ ҳодисаларни келтириб чиқарганда ҳосил бўладиган кумулятив занжирли таъсирнинг бир шакли. Ушбу атама думалаб тушаётган домино тошларига қиёсан бир қатор соҳаларда сабабий боғлиқликни тушунтиришда қўлланади. Шу жумладан фуқаролик ҳуқуқида ҳам. Агар биринчи ҳуқуқий асос – масалан, мол-мулкни гаровга қўйиш ҳақидаги таъсисчилар қарори – ҳақиқий бўлмаса, у асосида қурилган кейинги ҳуқуқий конструкциялар ҳам мустақил ҳақиқий бўла олмаслиги лозим. Чунки ҳеч ким ўзида мавжуд бўлмаган ваколатни бошқага бера олмайди; сохта имзо эса корпоратив розилик эмас, балки ҳуқуқий иллюзия ҳисобланади.

Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 114-моддасига кўра, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмас ҳисобланади. Худди шу модда битим ҳақиқий бўлмаганида тарафлар олган нарсаларини қайтариши, қайтариш имкони бўлмаса, қийматини пул билан тўлаши лозимлигини белгилайди. Фуқаролик кодексининг 127-моддаси ҳам ҳақиқий эмас деб топилган битим тузилган пайтдан бошлаб ҳақиқий эмаслигини мустаҳкамлайди.

Демак, суд “таъсисчилар қарорини ҳақиқий эмас” деса-ю, айнан шу қарорга таянган гаров оқибатларини сақлаб қолса, ҳуқуқий занжир сунъий равишда иккига бўлинади. Бу эса фуқаролик ҳуқуқининг ички мантиқига зид: