“Уйим бўлганда уйимни ҳам сотардим, қизим соғайса бас!” – бир инсон яхшилар кўмагига муҳтож
Ҳеч бир сахий инсон ҳақиқий муҳтожларга қилган эҳсони туфайли камбағаллашиб кетмайди, ҳеч кимнинг яхшилиги жавобсиз қолмайди. Бу нафақат муқаддас Ислом динимизда, балки барча аҳли китоблар эътиқодида тасдиғини топган ҳақиқат. Kun.uz сайтининг муҳтарам ўқувчилари хайрия ишларида ҳамиша илғор бўлишган. Ўзгалар кўмагига зарурат сезган кўплаб юртдошларимиз умид билан ташриф буюришлари бежизга эмас.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Ижодий жамоамизга мурожаат қилган навбатдаги юртдошимизнинг мураккаб ҳолатини бевосита кузатган ҳар бир инсоннинг кўзига ёш қалқиши, қалби тўлқинланиши табиий. Динора Мирзаева аввалига босиқлик билан ҳаммасини тушунтирди, аммо суҳбатимиз жараёнида барибир кўзёшлар дарё бўлди:
– Қизим Алимова Лобар 32 ёшда. 2018 йилга қадар соғлигидан ҳеч шикоят қилган эмасди. Ўтган йилнинг октябрь-ноябрь ойларидан аҳволи бирдан ва кескин оғирлашди. Бўйнида пайдо бўлган шиш қўлтиқларига тарқалди ва кучли оғриқ бера бошлади. Аниқ диагноз аниқлангунга қадар бир ойча муддат турли текширувлардан ўтдик, даволандик. Аммо аҳвол оғирлашаверди, оғриқлар кучаяверди. Ниҳоят онкология марказида хавфли ўсма эканлиги маълум бўлди...
Ўша пайтдаги ҳолатимни Аллоҳ билади. Бу гапни эшитиб, ҳушимдан кетиб қолгандим.
Аммо шифокорлар тушкунликка тушмаслигим, фарзандим ҳаёти учун биргаликда курашиш кераклигини айтишди. Улар қизимга “Диффуз йирик В ҳужайрали лимфома” ташхиси қўйдилар ва зудлик билан даволашга киришдилар. Лобар операция қилинди, қатор химиятерапия курсларини олди. Худога минг қатла шукр, оғриқлар камайди. Ишонсангиз операциядан олдин укаси кўтариб борган қизим, операция ва қатор муолажалардан кейин бешинчи қаватдаги яшаб турган уйимизга ўзи кўтарилиб чиқди. Ҳозир ҳам анча-мунча ўрнидан туради, намозларини мустақил ўқий олади.
Албатта, кўпчилик рак деганда буткул тушкунликка тушиб, ҳаётдан умидини узиб қўяди. Аммо ўзимнинг ҳам фикрим шу, шифокорлар ҳам қизимнинг даволаниб кетиши учун имконият борлигини айтишяпти.
Ҳар бир она сингари мен ҳам фарзандимнинг бир кунлик умри учун боримни беришга тайёрман. Қизимнинг бир ўғли бор. Набирам онасига термулиб турганида юракларим пора-пора бўлади. Ўғлим опасини даволатиш учун миниб юрган машинасини сотди. Уйимиз бўлганда уйимизни сотиб, дори-дармонларга ишлатишга тайёр эдим. Аммо ўзимиз ижарада турамиз, уй-жойимиз йўқ.
Сайтингизга мурожаат қилишдан олдин кўп ўйландим, ўзимнинг барча имкониятларимдан фойдаланиб бўлганимдан кейин иложим йўқлигидан мурожаат қиляпман. Азиз юртдошлар, саховатпеша инсонлар – имконингиз бўлса бизга ёрдам беринг! Саховат йўлида қилган ҳар бир сўмингиз савобини Аллоҳ кўпайтириб берсин...
Эртасига беморнинг аҳволидан хабар олиш мақсадида Лобар яшаб турган хонадонга бордик ва суҳбатида бўлдик. Бизни кутиб олган Динора опа қизининг олдида иложи борича мураккаб ҳолат бўйича камроқ гаплашишимизни, чарчатмаслигимизни илтимос қилди.
Ўринда дард билан курашиб ётган Лобарнинг сўзлари янада таъсирли бўлди:
– Кучли оғриқлар бўлди, операцияни ҳам бошдан кечирдим. Оиламдагиларни ҳам қийнаб қўйдим. Ўғлим Мустафо ҳозир бешинчи синфда ўқияпти, кўчадан келибоқ олдимга югуради. Фарзандимга қарасам, унинг умидли нигоҳларига боқсам, дардни енгишга интиламан... Аммо онамнинг, укамнинг қўли қисқалик қилиб қолди. Оқибатли инсонлардан ёрдам сўрашга мажбур бўлаяпмиз.
Суҳбатимизга қўшилган Динора опа темир қурилмали деворни кўрсатди:
– Бугун дориларига пул топа олмаганимдан мана шу деворга осилиб турган, қизим зерикмаслиги учун қўйилган телевизорни ҳам сотишга мажбур бўлдим. Яна айнан қизимнинг кўз ўнгидан олиб кетишга тўғри келди. Уйдаги сотишга арзийдиган ҳамма нарсани аста-секин сотяпмиз...
Лобарга соғлик, Динора опага ва Мустафога сабр тилаб, хонадондан чиқдик ҳамда Сиз азизларга юзландик: Kun.uz сайти бундай акцияларда бир сабабчи, воситачи холос. Барча хайрияларни, ҳамма саховатни юртдошларимиз, савоб умидидаги инсонлар қиладилар. Умидимиз борки, Лобар сизларнинг атаган маблағингиз ортидан шифо топиб, ёлғиз фарзандини вояга етказади. Қизининг оғриқларидан қалби минг карра кучлироқ азоб тортаётган Динара опанинг мушкули осон бўлади.
Бунда Сиздай сахий инсонларнинг ҳам беқиёс ҳиссангиз қўшилади албатта!
Зарур маълумотлар:
Динора Мирзаева номига очилган пластик карточка:
Click/PayMe: 8600 0417 1051 9704 (Агробанк)
МФО: 00454
ИНН: 201055083
Нақд пул топширганда: 23116000800000454001
Мижоз аризасига асосан картадан картага пул ўтказилганда:
23118000600000454001
Бошқа ташкилотлардан келиб тушган маблағлар транзити:
23120000200000454001
Динора Мирзаеванинг телефон рақами: +998946908806
Суҳбатдош Аброр Зоҳидов,
тасвирчи Фазлиддин Абдуқодиров.
Ҳурматли "UZCARD" карточка эгалари! "UZCARD" тизими сизни огоҳлантиради!
Ҳеч кимга ва ҳар қандай вазиятда пластик картангизга тааллуқли маълумотларни, айниқса телефон рақамингизга кирувчи СМС хабарларни (масалан, То'lovni tasdiqlash kodi: 123456. Kodni hech kimga bermang" ёки "Код oplati. Nikomu ne soobshayte etot kod. 123456") ошкор қилманг. Сизга ёрдам пулини пластик карточкасидан ўтказиб бераётган номаълум шахс телефон орқали мурожаат қилиб мобил телефонингизга келиб тушаётган СМС — кодлар тўғрисидаги маълумотларни билмоқчи бўлаётганини сезган бўлсангиз, билингки ушбу шахс фирибгарлик йўли билан карточка ҳисоб рақамингиздаги пул маблағларини ўғирлашга уринмоқда. Агар карта ҳисоб рақамингиздан пул маблағлари ўғирланаётганини сезган бўлсангиз дарҳол карточкангизни олган банкингизга картани блоклаш учун мурожаат қилишингиз ёки ушбу амалиётни бевосита ўзингиз мобил ёки веб иловада бажаришингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:49 / 08.11.2024
Британияда ҳоспис ёпилмаслиги учун 6 млн фунт стерлинг хайрия маблағи тўпланди
22:50 / 08.10.2024
Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади
13:08 / 31.08.2024
АҚШда шаҳар ҳокимияти 12 ёшли боланинг хайрия дўконини ёпди. Аҳоли бола учун 20 минг доллар йиғиб берди
08:23 / 20.08.2024