Ўзбекистон | 13:12 / 23.02.2019
8111
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда альтернатив дарсликлар яратилади

Фото: Fotolia

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим мактаблари учун альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан мактабларда фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.

Қайд этилишича, ҳужжат умумий ўрта таълим мактаблари учун яратилаётган дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларнинг сифатини ошириш, дарсликлар билан ўқувчиларни тўлиқ таъминлаш, сифатли дарсликларни танлаш имкониятларини кенгайтириш, рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан мактабларда фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этиш мақсадида қабул қилинади.

Умумий ўрта таълим мактаблари учун рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим мактаблари учун яратиладиган альтернатив (муқобил) дарсликларни таянч (пилот) мактабларда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб тажриба-синовдан ўтказсин ҳамда олинган хулосалар асосида босқичма-босқич амалиётга жорий этиш чораларини кўради ва уларни нашрга тайёрлаш ҳамда чоп этиш ишларини тегишли ташкилотлар билан мувофиқлаштириб боради.

Белгилаб қўйилишича:

таянч умумтаълим мактабларига альтернатив (муқобил) дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш учун нашр этиш ва етказиб бериш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан;

альтернатив (муқобил) дарсликларни нашр этиш ҳамда жойларга етказиб бериш харажатлари белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратиладиган давлат бюджети маблағлари доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Умумий ўрта таълим мактаблари учун рақобатбардош, альтернатив (муқобил) дарсликларни яратиш ва улардан фойдаланиш тизимига босқичма-босқич ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Халқ таълими вазирлиги кейинги ўқув йилларида умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ўқитувчилар фойдаланишлари учун тавсия этиладиган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг рўйхатини ва яратилиши лозим бўлган дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларга қўйиладиган талабларни улар яратилишидан бир йил олдин матбуотда эълон қилади.

Эълонда тайёр оригинал-макетларни топшириш ва уларга қўйиладиган талабларнинг амал қилиш муддатлари кўрсатилади.

Мазкур эълонда кўрсатилган талаблар бўйича ва муддатларда дарсликлар ҳамда ўқув-методик қўлланмаларнинг оригинал-макетларини яратиш истагини билдирган ижодий жамоалар иштирок этиш таклифини Халқ таълими вазирлигига расмий хат билан тақдим этади ва белгиланган муддатларда оригинал-макетларни тайёрлайди.

Яратилган (ишлаб чиқилган, тузилган) дарсликлар ҳамда
ўқув-методик қўлланмалар белгиланган талаблар асосида ижодий жамоалар, яъни тузувчи(лар), давлат ва нодавлат ҳамда хорижий ташкилотлар (компаниялар, фирмалар, қўшма корхоналар, нашриёт ва матбаа корхоналари, дизайн студиялар ва ҳ.к.) томонидан тайёр маҳсулот (оригинал-макет) ҳолатида Халқ таълими вазирлигига кўриб чиқиш учун (белгиланган муддатларда) ўрнатилган тартибда расман топширилади.

Халқ таълими вазирлиги ўрнатилган тартибда топширилган оригинал-макетларни қабул қилади ва расмийлаштиради.

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги экспертлар гуруҳи тақдим этилган дарсликлар (мажмуалар)нинг сигнал ҳамда электрон нусхаларини белгиланган талаблар асосида ва вазирликнинг тегишли буйруғида кўрсатилган муддатларда экспертизадан ўтказади.

Экспертиза натижалари асосида энг юқори баҳоланган ҳамда уларга альтернатив (муқобил) сифатида танлаб олинаётган дарсликлар (мажмуалар)нинг оригинал-макетлари (сигнал нусхалари) тажриба-синовдан ўтказиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида ташкил этилган “Умумий ўрта таълим тизими учун Давлат таълим стандартлари, ўқув дастурлари ҳамда дарсликларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини яратиш бўйича Мувофиқлаштирувчи Кенгаш”га белгиланган муддатда тақдим этилади.
 
Мувофиқлаштирувчи Кенгаш қарори асосида альтернатив (муқобил) дарсликлар тажриба-синовдан ўтказиш учун таянч умумтаълим мактаблари танланади ва уларга белгиланган нусхада дарсликлар чоп этилиб, ўқув йили бошлангунига қадар етказиб берилади.

Альтернатив (муқобил) дарсликлар бир ўқув йили давомида тажриба-синовдан ўтказилади.

Альтернатив (муқобил) дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш жараёнларига таянч умумтаълим мактаб директорлари масъул ҳисобланади.

Таянч умумтаълим мактаб директорлари кейинги йилнинг 1 июнига қадар тажриба-синов натижалари бўйича таклиф ва мулоҳазаларни Ишчи органига тақдим этади.

Ўқув адабиётларини мазмунан ва дизайн жиҳатдан такомиллаштириб бориш мақсадида вазирликнинг расмий веб-сайтида онлайн тарзда кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар олинади.

Тажриба-синов ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижаларига кўра бир ой муддатда ҳар бир фан йўналиши бўйича таклиф-мулоҳазалар Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг Ишчи органи томонидан умумлаштирилади ҳамда баённома билан расмийлаштирилиб, дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни тасдиқлаш учун ўн кун муддатда Мувофиқлаштирувчи Кенгашга тақдим этилади.

Энг мақбул дарсликлар ва ўқув-методик мажмуаларни яратган ижодий жамоаларни аниқлаш бўйича якуний қарор Мувофиқлаштирувчи Кенгаш томонидан қабул қилинади ва қарор тегишли баённома билан расмийлаштирилади.

Бунда, Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган баҳолаш мезонларига кўра ҳар бир фан учун (фаннинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда) қўйилган умумий максимал баллнинг 90 фоизидан юқори балл олган дарслик ва ўқув-методик қўлланмалар ичидан энг катта балл олгани ғолиб деб топилади ва умумий ўрта таълим мактаблари учун асосий фойдаланиладиган дарслик сифатида, қолганлари эса альтернатив (муқобил) дарсликлар сифатида амалиётга жорий этиш учун тавсия этилади.

Умумий ўрта таълим мактаблари учун асосий фойдаланиладиган ва альтернатив (муқобил) дарсликлар рўйхати матбуотда эълон қилинади ҳамда дарсликларнинг электрон вариантлари www.eduportal.uz ахборот таълим порталига жойлаштирилади.

Мазкур дарсликлар умумтаълим муассасалари педагогик жамоалари, ота-оналар, ўқитувчилар, кенг жамоатчилик хоҳиш-истакларига кўра қатъий буюртмалар шакллантирилган ҳолда Халқ таълими вазирлигининг умумий нашр режаси доирасида китоб чоп этиш ҳуқуқига эга бўлган матбаа корхоналари томонидан чоп этилади ва “Ўқув таълим-таъминот” Давлат унитар корхонаси томонидан жойларга етказилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид