23:35 / 27.02.2019
26027

Uzbekistan Airwaysʼнинг Сингапурдан Тошкентга учиши керак бўлган самолёти қарийб 4 соатдан бери аэропортда турибди

Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясининг Малайзия пойтахти Куала-Лумпурдан Сингапур орқали Тошкентга учиши керак бўлган самолёти Сингапурнинг “Чанги” аэропортида ушланиб турибди.

Сингапурдан Тошкентга учиши керак бўлган йўловчилардан бирининг Kun.uzʼга маълум қилишича, маҳаллий вақт билан соат 22:20 (Тошкент вақти билан 19:20) да Тошкент томон учиши лозим бўлган HY-552 сонли рейс ҳанузгача амалга оширилмаяпти.

Куала-Лумпурдан Сингапургача келган йўловчилар ҳам самолётдан туширилган ва транзит зонада жойлаштирилган. Уларнинг ҳолидан на Uzbekistan Airways вакиллари, на бошқалар, ҳеч ким хабар олмаяпти, улар аэровокзал полида ухлашмоқда. Ҳаттоки ҳожатхонага чиқиш ҳам маълум бир қийинчиликлар ва текширувлар эвазига амалга оширилмоқда.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати мазкур ҳолат юзасидан қуйидагича изоҳ берди:

«Бугун авж олган можаролардан сўнг Покистон устидан парвоз амалга оширилмаслиги аниқ. Шу сабабли ҳозир самолётнинг Тошкент томон парвози учун янги йўналишлар изланмоқда. Самолёт ҳамон «Чанги” аэропортида турибди».

Маълумки, бугун Кашмирда юз берган воқеалардан сўнг Покистон узра ҳаво йўллари йўловчи авиакомпаниялар учун номаълум муддатга ёпилди. Жумладан, Uzbekistan Airwaysʼнинг Ҳиндистоннинг Амритсар шаҳрига учган самолёти ҳам ортга — Тошкентга қайтарилди.

Жаҳоннинг кўплаб авиакомпаниялари Ҳиндистон-Покистон можароси сабабли ўз йўналишларини зудлик билан ўзгартиришаётгани ҳақида ҳам хабар берган эдик.

Мавзу
Кашмир можароси
14 февраль куни Покистон ҳудудида ўрнашган «Жайш-э-Муҳаммад» террорчи гуруҳи Кашмирда Ҳиндистон армияси ҳарбийлари колоннаси ўтаётган йўлда теракт содир этиши натижасида 46 нафар ҳинд ҳарбийси ҳалок бўлди. Бу воқеа ортидан Покистон ва Ҳиндистон муносабатларида можаро яна авж олди.
Барчаси
Top