Жаҳон | 21:26 / 28.02.2019
33324
2 дақиқада ўқилади

Бағдодда дунёдаги энг баланд бино қурилиши мумкин

Фото: novate.ru

Ироқ пойтахти Бағдодда дунёдаги энг баланд осмонўпар бино қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Бағдод вилояти губернатори Фалоҳ ал-Жазоирий маълум қилди. 

“Мажмуанинг қурилиши пойтахтда уй-жой муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради ва Ироқдаги бундай илк объект бўлади. Биз ғояни амалга оширишни қўллаб-қувватлаймиз. Илғор муҳандислик бригадалари шакллантирилди, ишлар учун зарур шароитлар яратилган ва Бағдоднинг жанубида қурилиш учун ер ажратилган”, деб маълум қилган губернатор. 

Айни вақтда янги лойиҳа ҳақида шу маълумки, у 1350 метр баландликка эга 275 қаватли иншоот бўлади. Лойиҳанинг на архитектори, на нархи, на муддатлари маълум қилинган. Агар ғоя амалга ошса, Бағдоддаги янги бино дунё рекордчиси ҳисобланган, Дубайдаги 828 метрлик “Бурж-Ҳалифа”ни анча ортда қолдиради. 

Фото:  novate.ru

Бу лойиҳа Ироқ ҳукумати Бағдодда яқин йилларда амалга оширишни режалаштираётган ягона йирик лойиҳа эмас. Режаларда, жумладан, 100 минг томошабинга мўлжалланган стадионга эга спорт шаҳарчаси барпо этиш бор. Бу қурилишга Саудия Арабистони ҳомийлик қилади.

Мавзуга оид