Жаҳон | 08:52 / 27.05.2026
2071
2 дақиқада ўқилади

Саудиядаги 1 километрлик осмонўпар бинода Хитой технологиялари қўлланади

Саудия Арабистонида барпо этилаётган Jeddah Tower — дунёдаги энг баланд осмонўпар бинолардан бири қурилишидаги энг муҳим босқич Хитой компаниясига топширилди.

Фото: Jeddah Tower

Хитойнинг Zhejiang провинциясида жойлашган Jinggui Steel Structure Group таркибига кирувчи Jinggui International компанияси Jeddah Tower’нинг 120-қаватдан юқори қисми учун асосий пўлат конструкция ишларини бажариш бўйича тендерда ғолиб бўлганини маълум қилди.

Шу тариқа, баландлиги 1 километрдан ошиб кетадиган дунёдаги биринчи осмонўпар бинонинг асосий пўлат каркаси — лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, йиғиш, ташиш ва юқори қаватларда монтаж қилиш ишлари тўлиқ Хитой компанияси томонидан амалга оширилади.

Қизил денгиз соҳилидаги Жидда иқтисодий ҳудудида қурилаётган Jeddah Tower Саудиянинг Vision 2030 дастури доирасидаги 26 миллиард долларлик йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

157 қаватли бинода Four Seasons меҳмонхонаси, элита турар жойлар, А-класс офислар ва дунёдаги энг баланд кузатув майдончаси жойлашиши режалаштирилган. Лойиҳани 2028 йилда якунлаш кўзда тутилган.

2026 йил май ойи охири ҳолатига кўра, қурилиш ишлари 103-қаватдан ошиб, бино баландлиги 400 метрдан юқорига етган. Қурилиш суръати ҳар 3–4 кунда бир қаватни ташкил этмоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, 120-қаватдан юқори қисми энг мураккаб босқич ҳисобланиб, шамол босимига чидамлилик ва монтаж аниқлиги бўйича жуда юқори талаблар қўйилади.

Лойиҳада юқори мустаҳкамликка эга S690 русумли пўлатдан фойдаланилмоқда. Компания қурилишда махсус интеллектуал ишлаб чиқариш линияларини жалб қилган бўлиб, монтаж ишлари миллиметр даражасидаги аниқлик билан бажарилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид