Жамият | 19:24 / 28.02.2019
74922
3 дақиқада ўқилади

«Жамшид ва унинг дўстлари ресторанда жанжал кўтаришди». Кенжаев иши бўйича «Chinatown» ресторани ходимлари ҳам кўрсатма беришга келди

Жамшид Кенжаев иши бўйича суд жараёни давом этмоқда. Kun.uz мухбири навбатдаги суд мажлисида иштирок этди.

Навбатдаги суд жараёнида Жамшид Кенжаев «Аурум-898» тунги клубидан олдин ўртоқлари билан ташриф буюрган «Chinatown» ресторани ходимлари- менеджер Екатерина Михаева ва официант Роман Эрназаров суд ҳайъати олдида ўз кўрсатмаларини беришди.

«Жамшид олдинлари ҳам келиб турар эди. Ўша куни менинг навбатчилигим эди. Улар тахминан 10 киши бўлиб келишди. Йигитларнинг зиёфати бор экан. Кимнингдир туғилган кунини нишонлашди, чамамда. Соат кечки 11:00 чамаси мусиқа овози ўчирилганини эшитдим. Залдан бақир-чақир овози келди. Улар орасида кичик жанжал келиб чиқди. Жамшидни танир эдим, қолганларни танимадим. Жамшид ресторанимизга келиб турарди. У қўриқчилар бошлиғи билан гаплашди. Кейин нима бўлганини билмайман. Уларни ажратишга қарор қилдик. Кейин ҳоллга чиқдимда раҳбариятга, милицияга телефон қилмоқчи бўлдим. Шу пайт Жамшид келди-да «кимга телефон қиляпсан» деб бақирди ва телефонимни тортиб олишга уринди. Буларнинг ҳаммаси бизнинг видеоёзувларимизда кўриниб турибди. Бу видеоёзувлар терговчиларда мавжуд. Сўнгра, оғайнилари тинчлантиришга ҳаракат қилишди. Жанжалдан сўнг, тахминан 11:30ларда чиқиб кетишди. Олдинлари ҳам келиб турар эди. Унда пичоқ ҳеч кўрмаганман»,-дейди ресторан менежери.

Шундан сўнг, Жамшид Кенжаев ва унинг оғайниларига хизмат кўрсатган официант суд мажлисида кўрсатма бериш учун чақирилди.

«2014 йилдан бери ушбу ресторанда ишлайман. Ўша куни ишда эдим. Меҳмонлар келишди. Ёпилиш арафасида жанжал бошланди. Унинг дўсти Шоҳрух номига буюртма бўлган эди. Улар 8-9 киши эди. Кечки соат 11:00да ресторанни ёпамиз одатда. Бу жанжал шу вақтларда бўлганди.

Жамшид бизнинг ресторанга бир неча марта келганини кўрганман. Уни шахсан танимасдим, ресторан мижози сифатида билардим. Ўша куни тахминан 2 шиша вино, 2 шиша ароқ буюртма қилишди. Кейин улар орасида жанжал келиб чиқди. Бир-бирига бақиришди, сўкинишди. Лекин, улар орасида муштлашиш ва шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилмади. Жанжалдан сўнг, улар кетишди»,-дейди ресторан официанти.

Бугунги суд мажлиси сўнгида раислик қилувчи мажбурий тартибда келтириш сўралган гувоҳлар Иброҳим Илҳомжонов ва Достон Очилов ҳалигача келтирилмаганини суриштирди.

Суд мажлиси 4 март, душанба куни соат 11:00гача танаффус эълон қилди. 

Мавзуга оид