Ўзбекистон | 13:00 / 28.02.2019
13903
4 дақиқада ўқилади

Ниғматилла Йўлдошев: дарсликлар қатор ўзгартишлар билан марҳумлар номидан чоп этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев марҳумлар номидан дарслик китоблари чоп этилаётгани ҳақида гапирди.

«7-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг муаллифи А.Муҳаммаджонов 2016 йилда вафот этган. Бироқ, унинг дарслигидаги барча мавзулар қайта ишланган, 6та мавзу янгидан ёзилган ва дарслик 2017 йилда марҳум муаллиф номидан қайта нашр этилган», - дея раиснинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълум қилинишича, дарсликларнинг тендер савдолари орқали ғолиб бўлган турли нашриётларда нашр этилиши ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини, шунингдек, предметлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминлашга тўсиқ бўлмоқда.

«Дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликлар кўпайиб кетгани ўқитувчи ва ўқувчиларни чалғитмоқда. Жумладан, 8-синф «Ўзбекистон тарихи» дарслигининг 21-мавзусида Хива хонлигида ҳунармандчиликнинг 27 соҳаси мавжуд бўлгани хақида ёзилса, шу дарсликнинг 24-мавзусида мазкур хонликда ҳунармандчиликнинг 50дан ортиқ тури мавжуд, деб маълумот берилган.

8-синф «Жаҳон тарихи» дарслигининг 12-мавзусида Англияда монархиянинг қайта тикланиш даври, деб 1660 йил кўрсатилган бўлса, айнан шу дарслик охирида келтирилган муҳим тарихий саналарда бу давр 1688 йил деб кўрсатилган», - дея қайд этди Йўлдошев.

Унинг айтишича, бундай мисолларни бошқа фанлар бўйича дарсликларда ҳам кўплаб учратиш мумкин.

Сенат йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг қарори талабларига зид равишда умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури таянч ўқув режага номувофиқ тарзда ва амалиёт билан боғланмаган ҳолда ишлаб чиқилгани таъкидланди.

«Масалан, 1-синф «Ёзув дафтари»да айрим ҳарфлар «Алифбе» дарслигида ўтиладиган вақтга тўғри келмайди. 3-синф «Она тили» дарслигини болалар ўқув йили тугамасидан анча олдин ўқиб бўлмоқда», - дея сўзларини далиллаган Йўлдошев.

Маълум қилинишича, 10-синф «Биология» дарслигининг камида 12 соатлик дарсларда ўқитилиши лозим бўлган бутун бошли боблар битта 45 дақиқали дарсда ўтилмоқда.

«Аксарият ҳолларда, дарсликлар назариётчи олимлар томонидан амалиётдан йироқ ҳолда яратилмоқда. Ушбу жараёнга тажрибали мактаб ўқитувчилари етарли даражада жалб этилмаяпти.

Оқибатда, назарияга ортиқча «ботиб» кетган айрим мавзулар ва топшириқлар ўқувчилар ёшига нисбатан ўта мураккаб тарзда баён этилмоқда, уларни ўзлаштириш ғоят оғир ёки амалда умуман мумкин эмас. Масалан, 1-синф ўқувчиларига илк ўқув йилининг бошиданоқ турли ҳарфлардан иборат сўзларни топиш машқлари берилган. Оқибатда мурғак бола ҳали танимаган ҳарфини ёзишга, улардан ёзма сўз тузишга «мажбурланмоқда».

3-синф «Математика» дарслигининг 70-бетида, қавсдан чиқариш амаллари ўргатилмаган бўлса-да, 9 ёшли болага қўшқавсли мураккаб тенгламани ечиш топшириғи берилган. Бундай мисолларни 3-синф математика, 5-синф геогра-фия ва 7-синф «Физика» фанлари бўйича дарсликлардаги мураккаб топшириқлардан ҳам келтириш мумкин», - дейди раис.

Бундан аввалроқ, кейинги 3 йилда Ўзбекистонда Давлат бюджети ва мақсадли китоб жамғармасининг қарийб 307 миллиард сўм маблағи эвазига 98 миллион нусхадан ортиқ дарсликлар чоп этилгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид