Жамият | 19:24 / 28.02.2019
13575
3 дақиқада ўқилади

«Қоғоз»да ўтаётган тиббий ва техник кўрик, олмайдиган маошига қўл қўйиб бераётган ҳайдовчилар

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида вилоятдаги йўловчи ташиш корхоналари фаолияти кескин танқид остига олинди. Бу ҳақда Халқ демократик партияси депутатлик гуруҳининг сессиядаги ахборотига асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Депутатлик гуруҳининг ҳамкор ташкилотлар билан ўрганишлари натижасига кўра, бир қатор йўловчи ташиш корхоналари уюшмаларида тиббий ҳамшира ва техник ходим йўл варақасига ҳайдовчини тиббий, машинани техник кўрикдан ўтказмасдан қўл қўйиб бергани аниқланган. Уюшмадаги ҳамма автотранспорт воситаларини тиббий ва техник кўрикдан ўтказишнинг иложи йўқ. Чунки агар ҳар бир таксига 5 дақиқадан сарфланса, 50 машинага 4 соатдан кўпроқ вақт талаб қилинади. Айрим жойларда 2–3 уюшма бир жойда, яъни 100–150та такси бир жойдан кўрикдан ўтиши керак.

Бундан ташқари, таксиларда ўрнатилган таксометрларнинг ҳаммаси ечиб олиб қўйилган. Ҳайдовчилар ўзлари йўл кира тарифини белгилайди. Таксиларнинг қурилма панелида ички маълумотлар йўқ. Ҳайдовчилар эса уюшмага ишлаган кунлари учун 35–40 минг сўм тўлаши, 20 кун уюшма учун, 10 кун ўзлари учун ишлашини маълум қилган. Депутатлик гуруҳи аъзоларига ҳайдовчилар уюшма учун 700–800 минг сўм пул тўлашса-да уларга 203 минг сўм ойлик маош ёзилишини, лекин кўп ҳолатларда фақат имзо қўйиб берилишини маълум қилган.

Шунингдек, кунлик тўлов нархлари юқори бўлгани сабабли шаҳарда қонуний фаолият кўрсатаётган йўловчи ташиш транспортидан кўра ноқонунийлари кўп. Йўловчи ташиш хизмати бўйича муаммолар талай. Вилоят ҳокимлиги баёнига кўра, 2018 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида 14та махсус «TAXI» тўхташ жойларини ташкил этиш кўрсатилган эди. Бу иш ҳам охиригача етказилмаган. Солиқдан қочиш учун айрим уюшмалар бир жойнинг ўзида 2–3 номдаги уюшма тузган, яъни ягона солиқда туриш учун шу йўл танланган.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят кенгаши қарорида юқоридагилардан келиб чиқиб, Автомобиль ва транспорт агентлиги вилоят бошқармаси раҳбарига бир ой муддат ичида вилоятда ва Самарқанд шаҳрида жамоат транспортидаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан асослантирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун вилоят ҳокимига киритиш топшириғи берилди. Вилоят давлат солиқ ҳамда Марказий банк вилоят бош бошқармаси билан ҳамкорликда автобус ва маршрутли таксиларда тўлов терминаллари ишлашини ўрнатилган тартибда ташкил қилиш юкланди.

Мавзуга оид