«Паспорт бериш тизимида муаммолар мавжуд». Бош вазирга парламент сўрови юборилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги фармонига мувофиқ, хорижга чиқиш паспортини муомалага тўлиқ киритиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирлар белгиланган муддатларда амалга оширилмаган. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев маълум қилди.
Сенаторнинг таъкидлашича, парламентарий томонидан Ички ишлар, Ташқи ишлар вазирликлари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази томонидан хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилганда қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
«Хусусан, фуқароларга хорижга чиқиш паспортини доимий ёки вақтинча рўйхатда турадиган жойларида бериш учун ички ишлар органларининг туман (шаҳар) тармоқларида, Тошкент шаҳридан ташқари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг маълумотларни йиғиш пунктлари фаолияти йўлга қўйилмаган.
Бугунги кунда хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва бериш Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасининг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида, вилоятлар марказларида, Тошкент шаҳар ва Тошкент шаҳар туманлари тармоқларида ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментида амалга оширилмоқда холос. Яъни бундай хизматлар туманларда йўлга қўйилмаган», — дейди сенатор.
Дадахўжаевнинг айтишича, биометрик маълумотларни йиғиш қурилмаларига бўлган минимал эҳтиёж Ички ишлар вазирлиги органларида 213 та ва Ташқи ишлар вазирлиги органларида 51 та бўлгани ҳолда, 2019 йил 5 февраль ҳолатига мазкур қурилмалар фақатгина 34 таси ички ишлар вазирлиги органларида ва 1 таси Ташқи ишлар вазирлигида ўрнатилган, холос.
«Бундан ташқари, ушбу қурилмалар билан Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментидан ташқари хориждаги бирорта консуллик муассасаси таъминланмаган. Ваҳоланки, ҳеч кимга сир эмас миллионлаб ватандошларимиз бугунги кунда хорижда хизмат қилмоқда. Демак, консулликларда биометрик маълумотларни йиғиш қурилмалари ўрнатилмаганлиги боис миллионлаб ватандошларимиз хорижий биометрик паспорт олиш учун ўз туманларига қайтишга мажбурдирлар. Бу эса уларга моддий зарар келтириши табиий», — дейди у.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисида»ги низомда ички ишлар органларига келиш имконияти йўқ, яъни жисмоний имконияти чекланган, ногирон ёки касаллиги туфайли бир жойда қолган ёхуд тиббий муассасаларда стационар шароитда даволанаётиб, зудлик билан чет элга жарроҳлик ва бошқа тиббий амалиётни ўтказиш учун чиқиши лозим бўлган фуқароларга паспорт берилиши тартибга солинмаганини таъкидлади.
«Шу билан бирга, белгиланган тартибга кўра, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш ва бериш жараёнида Ички ишлар, Ташқи ишлар, Мудофаа, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Давлат фельдъегерлик хизмати органлари иштирок этишади.
Бироқ улар ўртасида ишларни тўғри ва самарали ташкил этиш, тушунмовчилик ва сансалорликларнинг олдини олиш, ҳар бир идорага тегишли жараён муддатини ва масъулиятни белгилаш борасида идоралараро ҳамкорлик тўғрисида норматив ҳужжат ишлаб чиқилмаган», — дея қайд этди Дадахўжаев.
Сенатда нутқ сўзлаган Фаррух Дадахўжаев биргина биометрик маълумотларни йиғиш қурилмаларининг етишмаслиги, хорижга чиқиш паспортини бериш муддатларининг жиддий бузилишига сабаб бўлишини айтди.
Шу муносабати билан Сенат фуқароларга хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ҳамда ушбу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш ташаббусини маъқуллади.
Мавзуга оид
18:21 / 13.08.2024
“Шоҳ асар” — Канаданинг янги паспорти дизайни ҳақида
08:35 / 20.07.2024
Аҳоли пунктларининг хавфсизлик паспортлари тузилади
11:29 / 13.07.2024
Сингапур паспорти – «энг кучли», Ўзбекистон паспорти – 79-ўринда
11:03 / 29.04.2024