Жамият | 01:12 / 02.03.2019
5432
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ногиронлиги бор бўлган фуқароларга реаблитация техник воситалари топширилди

Ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий-иқтисодий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда, кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эзгу ишлардан бири 28 февраль куни Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан Ёшлар марказида ташкиллаштирилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Самарқанд шаҳар ҳокими ва ўринбосарлари, бўлим ва бошқармалари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган, ҳокимлик ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тадбирда 250 га яқин ногиронлиги бўлган шахслар қўллаб-қувватланди.

Тадбирда катталар ногиронлик аравачасидан тортиб болалар оёқланиши учун зарур бўлган мосламагача умумий сони 250 га яқин мосламалар ўз эгаларига топширилади. Катталар ва болалар ногиронлик аравачалари, шунингдек, қўлтиқтаёқлар, эшитиш мосламалари, ҳассалар ва кўзи ожизлар ҳассаси, 3 та болалар оёқланиши учун махсус мослама (ходунок) — жами жиҳозлар учун шаҳар ҳокимлиги томонидан қарийб 200 миллион сўм маблағ ажратилди.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га тақдим этган маълумотига кўра, сўнгги икки йил давомида шаҳар ҳокимлиги томонидан 25 нафар ногирон, якка ёлғиз кексалар ва кам таъминланган инсонларнинг хонадонлари таъмирдан чиқарилди. 47 нафар ногирон ва кам таъминланганлар бепул уй жой билан таъминланди. Ногиронларга дори-дармонлар, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари, ҳасса ва бошқа реабилитация мосламалари мунтазам равишда тарқатилмоқда.

Мавзуга оид