Ўзбекистон | 19:22 / 05.03.2019
5296
2 дақиқада ўқилади

Алламжонов: Муаммоларни ҳал этишда Журналистлар ижодий уюшмасининг роли йўқ

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов журналистларнинг давлат идораларидан ахборот олишда муаммоларга дуч келаётганини эътироф этиб, Журналистлар ижодий уюшмаси фаолиятини танқид қилди. Бу масалага у 5 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган давра суҳбатида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Алламжоновга кўра, идоралар ва журналистлар орасида ахборот масаласида муаммоларнинг борлиги реал ҳолат. Буни бартараф этиш механизмлари ишлаб чиқилмоқда, агентлик журналистлар учун мутасаддилар иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштиришга ҳам тайёрлиги маълум қилинди.

«Бу билан аслида Журналистлар ижодий уюшмаси қошидаги Миллий матбуот маркази шуғулланиши керак. Лекин шахсан мен уюшма яхши ишлаяпти, деб айтолмайман. У шунчаки мавжуд, холос. Медиа соҳасидаги муаммоларга ечим топишда бу инстанциянинг роли йўқ ҳисоб», — дея қўшимча қилди Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари.

Агентлик раҳбари ушбу йиғилишда вазирлик ва идораларнинг матбуот хизматларини ҳам танқид қилган. Унинг айтишича, агар журналистлар давлат ташкилотларидан маълумот олишда сунъий тўсиқлар ва муаммоларга дуч келса, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ўша ташкилот раҳбариятига тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлади.

Мавзуга оид