19:00 / 06.03.2019
56277

«Асосий қисми соғлом болалар». Нуқсонли болаларга ихтисослашган боғчалар коррупция ботқоғидами?

Япония урушдан сўнг таназзулдан қандай чиққанди? Ривожланишнинг энг тез усули қандай эди? Бу саволларга япониялик дўстларимиз «биз эътиборимизни таълимга, айниқса ёш болалар таълим-тарбиясига кўпроқ қаратдик» дея жавоб беришади.

Биз ҳам мамлакатимизнинг эртанги кунига ҳозирдан жиддий ёндашишимиз кераклиги кундай равшан. Хўш, бизнинг мамлакатда болалар боғчаларида аҳвол қандай? Мактабгача таълим вазирлиги навбатдаги текширувлари давомида бизни ҳамкорликка чақирди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бундай текширувларнинг биринчиси Тошкент шаҳри, Миробод туманида жойлашган «Булоқча» номли 32-махсус боғчада ўтказилди. Ушбу болалар боғчаси логопедик, яъни нутқда ва сўзлашишда камчиликларга эга бўлган болалар учун мўлжалланган экан. Бу масканда имконияти чекланган болалар давлат томонидан алоҳида ҳимояга ва эътиборга олинган. Боғчада махсус комиссия томонидан текширилиб, камчилик аниқланиб ташхис қўйилган ва маълум парваришга муҳтож болаларни учратишни кутгандик. Лекин кутилмаган манзара устидан чиқдик.

Вазирликнинг махсус мутахассислари билан гуруҳларга кирган вақтимизда бу боғчада рўйхатда йўқ бўлган болалар ҳам бор экан. Бундан ташқари, бу ердаги болаларнинг кўпчилиги соғлом, нутқи равон болалар эди.

Боғчада тиббий текширув ўтказилаётган экан. Биз билан келган мутахассислар ҳам ўз «текширувлар»ини бошлаб юборишди. Натижада қуйидаги ҳолатлар аниқланди.

«Бу боғча нутқида камчилиги бор болалар учун. Бундай тиббий текширувларда нутқида нуқсони бўлган болалар билан ҳар 6 ойда, бир йилда қандай ишланаётгани, қандай натижаларга эришилгани текшириб борилади. Асосий тиббий текширувчилар логопед, невролог ва психодефектологлардир. Лекин бундай мутахассислар бу ерга умуман келмаган. 2016 йилдан бери анкеталарда умуман белгиланмаган. Бошқа махсус тоифадаги мутахассислар келишмоқда.

Текширувлар болалардаги ўзгаришларни аниқлаб, агар бола соғломлашган бўлса, умумий боғчаларга ўтказиш масалалари кўрилади. Ўрганиш давомида бир гуруҳдаги 25 нафар боладан атиги 1 нафарига стёртая дизартрия ташхиси қўйилди. Қолган болаларнинг нутқида ҳеч қандай муаммо мавжуд эмас. Ҳаммаси яхши гапиряпти, санаяпти. Энг ачинарли жиҳати, бу боғчаларда парвариш қилиниб, даволаниши керак бўлган болалар навбатда турибди. Нутқида муаммоси бор оддий оилалар фарзандлари учун ариза берганида жойлар тўлган дея жавоб берилади», дейди вазирлик бўлим бошлиғи Умида Муҳитдинова.

Умида Муҳитдинова

Ушбу боғчанинг ошхона ҳудудига кирган вақтимизда, пухта тайёргарлик кўрилган жойга дуч келдик. Озода ва овқатлари меъёрида бўлган ҳолат бизда шубҳа уйғотди. Маълум бўлишича, ушбу мавзеда бир неча кун муқаддам текширувлар ўтказилган ва бу турдаги муассасалар ҳушёрлик билан иш юритаётган экан.

Вазирлик мутахассислари берган маълумотларга кўра, худди шундай логопедик нуқсонли болаларга мўлжалланган 60-сонли боғчада ҳам айнан шундай муаммолар мавжуд экан. Текширувда аниқланишича, нутқида камчилиги бор болалар ўрнига соғлом болалар тарбияланаётганлигини кўришингиз мумкин, дейди вазирлик мутасаддилари.

Мутахассислар билан биргаликда Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида жойлашган «Соғлом фарзанд» номли 24-махсус мактабгача таълим муассасида ҳам бўлдик. Бу жойда қўл-оёқлари ўсишида нуқсони бор болалар тарбия қилинар экан. Мутахассислар даставвал текширишни шубҳали ошхонадан бошлашга қарор қилишди. Бу ерда болалар учун мўлжалланган маҳсулотлардан бир қанчаси шубҳали тарзда беркитилган жойлар аниқланди. Буни мутахассислар «уриб қолинаётган маҳсулотлар» дея гумонлашди ва бу ҳолатни қайд қилиб қўйишди.

Шундан сўнг болалар гуруҳлари текширилди. Хоналарга кириб вазиятни ўрганган вақтимизда яна аввалги сафарга ўхшаш манзарага гувоҳ бўлдик.

Киришимиз биланоқ Чилонзор туман мактабгача таълим бўлими раҳбари Мукаддам Абдураҳмоновадан фикр олдик.

«Бу мактабгача таълим муассасида ортопедик муаммоларга учраган болалар даволанишади. Бу ерда ортопед хулосаси, йўлланмалар билан туман бўлимига мурожаат қилишади. Шундан сўнг, махсус комиссиядан ўтказилади ва боғчага олинади. Мен шу махсус мутахассислар хулосасига таянаман. Бола шу боғчага келишга муҳтож дейилсагина йўлланма берилади», дейди у.

Мукаддам Абдурахмонова

Бу пайтда мутахассислар ўрганишни бошлашган эди. Аслида, ҳаммасини кўриниб турганди. Хона ичида ортопедик нуқсонга эга бўлган болалар ўрнига чопқиллаб юрган болакайларга кўзимиз тушди.

Шундан сўнг, текширувчи мутахассислар ўз фикрларини билдиришди.

«Бу ерда кўпчилик болалар оёқ яссилиги ташхиси билан келишган. Қонун-қоидаларимизга кўра, бу ташхис билан ушбу боғчага қабул қилинмайди. Текшириш давомида рақамсиз йўлланмалар, муҳрсиз ҳужжатларни ҳам учратдик. Булар аслида ҳужжат ҳам ҳисобланмайди. Ҳар бир шифокор ўз муҳрига эга бўлиши керак. Шу билан бир қаторда, бу ташхис учун асос ҳисобланувчи ҳужжат – рентген хулосаси бўлиб, бу ерда рентген хулосалари йўқ. Бир неча шифокорларсиз кўриклар ўтказилгани ҳам аниқланди. Энг асосийси, ортопед шифокор йўқ. Ортопедик муаммоларга ихтисослашган муассасада ортопед шифокорнинг ўзи йўқ», дейди вазирлик бош мутахассиси Елена Лаврова.

Елена Лаврова

Махсус боғчаларга қабул қилиш ва фаолияти 2017 йил 19 июлда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 528-сонли қарори асосида тартибга солинади. Ушбу қарорнинг 3-иловасида кимлар бундай турдаги боғчаларга қабул қилиниши белгиланган. Қарорда оғир кўринишдаги нуқсонлар рўйхати келтирилган.

Ушбу боғчалардаги ҳолатларни кўриб киши ёқа ушлайди. Ҳа, коррупцияни буткул йўқ қилишнинг иложи йўқ, лекин гап жажжи болажонларимизнинг соғлиғи ҳақида кетганда-чи?..

Вазирлик томонидан бундай текширувлар нафақат пойтахтда, вилоятларда ҳам ҳали давомли ўтказилади. Коррупцияга қарши кураш давом этади. 

Мухбир: Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи: Фазлиддин Абдуқодиров

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top