Ўзбекистон футболи ҳақида кунора таҳлилий ва танқидий гапларни ўқиймиз. Журналистлар 25 йилдан бери терма жамоа ҳақида ёзишади. Улар ёмон ўйнаб зерикмади, журналистлар эса улар ҳақида ёзиб... 

Футбол бизда деярли одамларни кулдирадиган «санъат тури»га айланиб бўлган. Қизиқчиларимиз ўз дастурларида албатта «азамат футболчиларимиз»ни бир эслаб қўйишни одат қилишган. Ҳайтовур, боксчиларимиз бор. Камхаржгина, серсамара спорт тури мухлисларни шода-шода медаллар билан овутиб турибди. 

Кўп спорт турларидан мақтанадиган жиҳатларимиз кам. Қитъа миқёсида каноэда эшкак эшиш, дзюдо, кураш, бадиий гимнастика ва енгил атлетикадан совринлар олиб турган бўлсакда, жаҳон форумларида бу спорт турларда ҳам «булбул қўндирган» жойимиз йўқ.    

Табиати олимпия турларининг (қишки олимпиадани ҳисобга олмаганимизда) катта қисми билан шуғулланиш учун жуда мос бўлган Ўзбекистонда орзу қилганимиздек муваффақиятларга эришиш учун бир жиҳат халал беради. Бу ҳақда мақоламиз сўнгида гаплашамиз.

Суперлига ва Про Лигадаги ўзгаришлар ҳақида ўқиб турибмиз. Бу сафар эътиборни пастки бўғинига қаратмоқчимиз.

Футбол тўпи бир қути сигарет ва бир шиша ароқдан арзон бўлиши керак!

Қайсидир соҳада шуғулланишни бошлаган бола учун ускуналар зарурлиги тайин. Дейлик, рассомлик орзусидаги болага рангли қалам, акварел, географ бўламан деганга харита, глобус...

Спортга қизиқиш бошланиши учун ҳам энг асосий нарса - анжом. Кейин эса майдон. Тўғрисиям шу... Ракеткасиз теннис ёки бадминтон, коптокларсиз - футбол, волейбол, баскетбол ўйнаб бўлармиди?

Яқинда бир мақола ўқиб қолдим. Германия футбол терма жамоаси 2018 йилги жаҳон чемпионатида муваффақиятсизликка учраганидан сўнг немислар бор эътиборни ёш авлодга қаратишган. Ривожлантиришнинг йўли ҳам оддийгина. Улар дўконларда кичкинтойларга тўпларни текинга тарқата бошлашган. Қуйидаги суратдаги тўплар солинган идиш тепасидаги ёзув ҳам диққатни тортади. Унинг мазмуни тахминан шундай: «Биз тўпларни болаларга совға қиламиз. Токи, кейинги авлод футболни яхшироқ ўйнаб жаҳон чемпиони бўлсин». Мана сизга футболнинг оммавийлигини оширишнинг оддий йўли.

Тўпи бор бола албатта уни бир ўзи ёки дўстлари билан тепади. Қизиқиши кучаяди. Мактабда, кўча жамоасида ўйнайди. Ундаги иқтидорни сезган ота-она мураббийга олиб боради. Устоз уни тарбиялайди. Ўз устида жиддий ишласа, футболчи бўлиб етишади.