Habitat: инсоният келажагининг оддий, лекин мудҳиш башорати
11 март куни старт олган Hasharweek экоҳафталиги доирасида Тошкент фотосуратлар уйида Habitat (инглиз тилидан «муҳит») кўргазмаси иш бошлади.
Кўргазмада инсоният ўз қўли билан яратган ифлос муҳит ўта оригинал тарзда ёритилганига гувоҳ бўлиш мумкин, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Нуриддин Расулов, Диёр Розиқов, Шарифа Шарафхўжаева, Оксана Данилевская, Татьяна Фадеева, Санжар Жабборов муаллифлигидаги суратлар ва артефактларда сиз-у биз яшаётган муҳитнинг кўзга кўринмайдиган томонлари аксллантирилган.
Чор-атрофни «эгаллаб олган» полиэтилен пакетлар ва пластик маҳсулотларнинг зарари кўргазмада турли ракурсларда тасвирланганини кўриш мумкин.
Инсониятга глобал хавф солаётган чиқинди муаммосига кенг жамоатчилик эътиборини қаратиш мақсадида ташкил этилаётган Hasharweek ҳафталиги бошланганлиги ҳақида хабар берилган эди. Жорий ҳафтада давом этадиган лойиҳада қизиқарли тадбирлар ўтказилиши кун тартибига киритилган. Хусусан:
Ҳаракатлар #HasharWeekGo:
– барча ташкилотлар, муассасалар гуруҳ тарзида ёки фуқаролар якка тартибда чиқиндиларни пластик, қоғоз, шишага ажратиб саралашлари ва махсус пунктларга топширишлари мумкин. Бунинг учун hasharweek.uz сайтидан мобил иловани юклаб олиш, рўйхатдан ўтиш ҳамда пойтахт бўйлаб мавжуд 21та чиқинди қабул пункти ҳақида маълумот олиб, ўз ҳудудидаги пунктга топшириш керак бўлади.
Маърифат #HasharWeekTalk:
– пойтахтдаги 22та мактабда интерфаол тарзда очиқ дарслар ўтказилади;
– Тошкент фотосуратлар уйида оммавий очиқ маърузалар: «Ҳаддан ортиқ истеъмол – 21 аср вабоси» (13 март, соат 18.00да); «Чиқиндилар уйни тарк этгандан кейинги жараён» (14 март, соат18.00да); «Шиддат билан ривожланаётган моданинг қоронғи томони» (15 март, соат18.00да); «Экоқурилиш» (16 март, соат 17.00да).
Санъат #HasharWeekArt:
– Тошкент фотосуратлар уйида чиқиндилар муаммосига бағишланган Habitat бадиий кўргазмаси (11 – 21 март кунлари кенг аҳоли учун очиқ).
Бизнес #HasharWeekBusiness:
– «Ўзбекистонда яшил иқтисодиёт: иллюзия ёки ҳақиқат?» мавзусида конференция (Hyatt Regency меҳмонхонасида 12 март куни, соат 09.30-18.00);
– яшил стартап лойиҳалар тақдимоти (Сингапур менежментни ривожлантириш институтида 15 март куни, соат 14.00-18.00да);
– «Ўзбекистоннинг экотуристик салоҳияти» мавзусида давра суҳбати (Сингапур менежментни ривожлантириш институтида 14 март куни, соат9.00-13.00да).
Келиб, томоша қилиб ва мулоҳаза юритиб кетишга арзийдиган кўргазма.
Фотокўргазма 11– 21 март кунлари барча учун очиқ.