Жорий йилнинг 11–17 март кунлари Тошкент шаҳрида Hasharweek экологик ҳафталиги ўтказилади. Бу ҳақда ҳафталикнинг очилиш муносабати билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Чиқинди ҳосил бўлишини минималлаштириш масаласига ҳукумат, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг эътиборини қаратиш, чиқиндиларни саралаш маданиятини шакллантириш мақсадида илк маротаба ташкил этилаётган мазкур лойиҳа доирасида аҳоли учун қизиқарли маърузаларт тақдим этилиши, фотокўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган.
«Мазкур ҳафталикни анъанавий тарзда бўлганидек, кўчаларни тозалаш, кўчат ўтказиш тартибида ҳам қилиш мумкин эди. Лекин биз бошқача йўлни танладик. Ҳафталикнинг асосий мақсади одамларда экосаводхонликни шакллантириш, чиқиндиларни тўғри саралаш тартиби ва бунинг аҳамияти ҳақида тушунча бериш ҳисобланади.
Бир ҳафта ёппасига ҳамма жойни тозаласак, нима бўлади? Бир-икки кундан кейин яна ҳаммаси ўз ҳолига қайтади. Шу боис одамларни тозалашга ундаш эмас, тоза тутиш ҳақида кўникма шакллантириш керак», — дейди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раҳбари Баҳром Қўчқоров.

Лойиҳа муаллифи, Сингапур менежментни ривожлантириш институти маърузачиси Суна Паркнинг сўзларига кўра, тажриба-синов лойиҳа тарзида амалга оширилаётган мазкур ҳафталик кейинчалик ҳам мунтазам равишда ўтказилиши назарда тутилмоқда.
«Лойиҳани республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этишни режалаштиряпмиз», — дея қўшимча қилди у.
Маълум қилинишича, ҳафталик давомида ҳаракатлар, маърифат, санъат ва бизнес йўналишлари бўйича тадбирлар олиб борилади.
Ҳаракатлар #HasharWeekGo:
– барча ташкилотлар, муассасалар гуруҳ тарзида ёки фуқаролар якка тартибда чиқиндиларни пластик, қоғоз, шишага ажратиб саралашлари ва махсус пунктларга топширишлари мумкин.
Бунинг учун hasharweek.uz сайтидан мобил иловани юклаб олиш, рўйхатдан ўтиш ҳамда пойтахт бўйлаб мавжуд 21та чиқинди қабул пункти ҳақида маълумот олиб, ўз ҳудудидаги пунктга топшириш керак бўлади.
















