«Hilol-nashr» матбаа ижодий уйида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб «Тафсири Ҳилол 30-жуз» (Қуръони каримнинг 30-пораси тафсири) ҳамда «Усмон ибн Мазъун» жоме масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Муҳаммаджон ўғли томонидан ёзилган «Таълим ва тарбия» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Islom.uz хабарига кўра, тадбирда шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг «Тафсири Ҳилол 30-жуз» асарлари ҳақида сўз борди.

«Тафсири Ҳилол» шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Қуръонни етказишдаги улкан меҳнати маҳсули бўлса, «Ҳадис ва ҳаёт» туркуми Суннати набавияни етказишдаги фидокорона хизмати бўлди.

«Тафсири Ҳилол» мўътабар тафсирларнинг анъаналарига содиқ қолган ҳолда, бугунги кун китобхонининг савияси, дунёқараши ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб ёзилган бўлиб, ўқувчини Қуръони карим маъноларининг битмас-туганмас ҳикматларига ошно этади.

Абдуллоҳ Ғуломов, Кўкча-Оқтепа жоме масжиди имом хатиби:

– Замонамиз уламоларининг эътироф қилишларича, «Тафсири Ҳилол»нинг яратилиши халқимизнинг маънавий ҳаётида, Ватанимизнинг тарихида улкан воқеа бўлди. Аввало, бу асар Мовароуннаҳрда тафсир ёзиш анъанасининг қайта тикланиши бўлди. Қолаверса, бу асар давр тақозоси билан она тилимизда ёзилган илк тафсирлардан бири бўлди. Шунингдек, «Тафсири Ҳилол» чоп этилиши юртимизда нафақат тафсир илмининг, балки умуман диний адабиётнинг қайта тикланишига туртки бўлди.

«Тафсири Ҳилол 30-жуз» асарининг ўзига хос жиҳати, муҳим хусусияти унинг муқаддимасидир. Ушбу муқаддимадан динимиз Ислом ҳақида, унинг дастури Қуръони карим ҳақида комил ва шомил маълумотлар ўрин олган. Муқаддима ўқувчини Қуръони карим билан таништиради, уни ўқиш, англаш ва ундаги илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга ундайди. Шу боис, муаллиф Қуръон ўқишни инсон умридаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси, деб атайди.