HumoArena'нинг МДҲ давлатларида муқобили йўқ
Бугунги кунга келиб МДҲ давлатларининг бирортасида Humo Arena'нинг муқобили йўқ, у жаҳон юлдузлари рейдери талабларига деярли тўлиқ жавоб беради. 11 март куни янги муз аренаси қурилиши олдидан ўтказилган матбуот анжуманида ENTER Engineering pteltd компаниясининг ижрочи директори Шоҳрухмирзо Сатторов шундай баёнот берди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.
"Биз биринчи навбатда қишки спорт турлари бўйича жаҳонда етакчи бўлган мамлакатларда бундай спорт турларини ривожлантиришга оид муаммолар қандай ҳал қилинишини тадқиқ қилдик. Шу жумладан сўнгги икки қишки Олимпия ўйинларини ўтказган ташкилотчилар билан муҳокамалар ўтказиб, Жанубий Корея ва Австрияда фаолият юритувчи ҳамкорларимиз билан Humo Arena лойиҳасини амалга оширишга киришдик. Бугунги кунга келиб МДҲ давлатларининг бирортасида бундай аренанинг муқобили йўқ десак бўлаверади", - дея таъкидлади у.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, 2018 йилда арена қурилишини кўздан кечириш давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур комплексда ёпиқ мажмуаларда ўтказилувчи барча спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказиш имконини интеграциялаштиришга оид топшириқ берган. Шундай экан, янги очиладиган аренада нафақат қишки спорт турлари, балки баскетбол, гандбол, яккакураш каби кўплаб бошқа спорт турлари билан ҳам шуғулланиш мумкин.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, Humo Arena ёпиқ майдонда ўтказилувчи ҳар қандай спорт тури бўйича мусобақа ўтказиш учун жаҳон талабларига тўлиқ жавоб беради.
"Бундан ташқари, мазкур комплексда маданий тадбирларни ўтказиш ҳам кўзда тутилган - турли тантаналар, концерт дастурлари ва ҳ.к. Иншоот жаҳон юлдузлари рейдерларига 80-95 фоизга тўғри келади. Қолган фоизлар рейдерларнинг йилдан йилга янгиланиши билан боғлиқ" - деди Шоҳрухмирзо Сатторов.
Таъкидлаш жоизки, Humo Arena кўп тармоқли муз саройининг қурилиши Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига кўра ижтимоий аҳамиятга эга бўлган йирик иншоот барпо этиш, Ўзбекистонда спортнинг қишки ва бошқа турларини ривожлантириш, спортни ва соғлом турмуш тарзини оммавийлаштириш мақсадида бунёд этилган.
Humo Arena мажмуаси қурилиши 2017 йилнинг февраль ойида бошланган. Шиша ва металлдан ишланган мажмуа ўзида замонавий хай-тек услубини мужассамлаштирган. Комплекс қурилишида “ақлли” ва энергия тежовчи "яшил" технологиялардан кенг фойдаланилган. Янги муз саройи ўзида замонавий меъморчилик ечимлари, илғор технологиялар ҳамда миллий меъморчилик санъати анъаналарини жамлаган.
Маълум қилинишича, лойиҳа муаллифлари мажмуани яратишда ўзбек халқида бахт ва ҳурлик рамзи бўлган Ҳумо қуши тимсолига мурожаат қилган бўлиб, мажмуа ҳудудидаги сайр йўлакчалари кўриниши ушбу афсонавий қушнинг қанотларига ўхшатиб барпо этилган.
Humo Arena 9 гектар майдонда жойлашган бўлиб, кўп тармоқли муз аренаси (12 500 ўринли), кичик машқ аренаси (200 ўринли), спорт музейи, машқ заллари, фитнес-марказ, ресторан, спорт дўконлари ҳамда автомобиллар учун 5-қаватли тураргоҳни ўз ичига олган.
Мавзуга оид
14:04 / 08.11.2024
МДҲ давлатлари 2030 йилгача ҳарбий ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқади
16:41 / 03.11.2024
Ўзбекистон рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисидаги шартномага қўшилди
14:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири МДҲ бош котиби билан учрашди
20:38 / 30.10.2024