Жамият | 08:20 / 12.03.2019
6800
4 дақиқада ўқилади

Фарғона энергетиклари маҳаллийлаштириш лойиҳаларини йўлга қўйиб, катта самарага эришмоқда

Фарғона вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхонаси 2019 йил давомида аҳоли, саноат ҳудудлари ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларни сифатли ва узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш, тармоқларни модернизация, реконструкция қилиш билан биргаликда кўплаб янги қурилиш ишларини режали равишда олиб бормоқда.

Корхона айниқса, сарф-харажат ва маблағларни тежаш, қўшимча ишчи кучи яратиш мақсадида бир қатор маҳаллийлаштириш лойиҳалари амалга ошираётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Соҳада кенг фойдаланиладиган материалларни ўз цехларида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш эса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Бунинг учун чуқур изланиш ва машаққатли меҳнат зарур.

Темир-бетон таянчларини ишлаб чиқариш цехи

Айни пайт Фарғона вилоят ҳудудий электр тармоқлари жамияти қошида, темир-бетон таянчларини ишлаб чиқариш цехи ташкил қилиниб, мазкур цехда 7 нафар ишчи ходим хизмат қилмоқда. Масканда кунига СВ-95, СВ -110 маркасидаги 12-дона темир-бетон таянчлар ишлаб чиқариляпти. Ҳисоб-китобларга кўра, СВ-95 таннархи 453558 сўмни, СВ -110 таннархи эса 546 203 сўмни ташкил қилади. Ушбу таянчлар бошқа корхоналардан сотиб олинганда ўртача 680 - 890 минг сўмгача сарфланар эди.

Бунда, жамиятнинг йиллик эҳтиёжи 16000 дан ошиқ темир-бетон таянчларни ташкил қилиниши ҳисобга олинса, ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши корхонага 5 млрд. сўмдан зиёд иқтисодий даромад олиб келаётир.

Ҳозирги кунда ушбу таянчлардан истеъмолчиларга техник хизмат кўрсатиш бўйича №256 сонли қарор ижросини таъминлаш ҳамда “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” давлат дастурларини бажарилиши юзасидан фойдаланилмоқда. Келгусида ушбу цехни кенгайтириб кунлик ишлаб чиқариш ҳажмини 36-донага етказиш режалаштирилган.

Электр ускуналари ишлаб чиқариш ва таъмирлаш цехлари

Фарғона бўлимида ташкил этилган цехда ОГ-1, ОГ-2, М-1, М-3 ва СИП-ХОМУД маркасидаги темир қурилмалар тайёрланмоқда. Замонавий токарлик дастгоҳлари томонидан тайёрланаётган темир қурилмаларга бўлган йиллик эҳтиёж 25000 доналиги ҳисобга олинадиган бўлса, корхона 2 млрд. сўм атрофида маблағ иқтисод қилиб, ўз молиявий фаолиятига ижобий самара олиб киряпти.

Корхона қошида электр ускуналарини таъмирлаш цехлари ташкил қилинган.Ушбу цехларда жами 28 нафар ишчи ходим фаолият юритади. Шохобчаларда барча турдаги электр тармоқларига хизмат кўрсатадиган ускуналар таъмирланади.

Бундан ташқари ишчи ходимлар учун махсус кийим-бош тикувчи 6 нафар ишчидан иборат мини цех ҳам ташкил қилинган. Мазкур цехда йиллик эҳтиёжга лойиқ коржомалар тикилади.

Корхонанинг 2019 йилги вазифалари

Жамият жорий йилда “Паст кучланишли тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш” Дастури доирасида жами 916,0 км узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 243 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишларини бажариш режалаштирилган. Бу мақсад учун сарфланадиган маблағ 78,2 млрд. сўмни ташкил этади.

Фарғона вилоятида «Обод қишлоқ» дастури доирасида 117,5 км узунликда паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 60 дона трансформатор пунктларида модернизация, реконструкция қилиш ва янги қурилиш ишлари ҳамда 348,8 км узунликдаги электр узатиш тармоқлари ва 184 дона трансформатор пунктларини мукаммал таъмирланади.

Истеъмолчиларнинг электр энергия таъминотини янада яхшилаш учун 753,8 км электр узатиш тармоқлари, 245 дона трансформатор пунктлари ҳамда 2 дона 35-110 кВли куч трансформаторларини мукаммал таъмирлаш режалаштирилган.

Элмурод Эрматов, Фарғона

Мавзуга оид