Ўзбекистон | 08:28 / 13.03.2019
5870
4 дақиқада ўқилади

Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди

Фото: Advantour

Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш ва маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, жамғарма юридик шахс ҳисобланмайди ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида ташкил этилади.

Жамғарма Ўзбекистон Республикаси президенти ва ҳукумати қарорлари билан қабул қилинган дастур ҳамда белгиланган топшириқлари асосида Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича назарда тутилган тадбирларни молиялаштириш мақсадида ташкил этилади.

Жамғарма учун шахсий ғазна ҳисобрақамлари белгиланган тартибда очилади. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши жамғарма маблағларини тасарруф этувчи ҳисобланади.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мақсадли маблағлари, шу жумладан марказлаштирилган инвестициялар;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг ҳамда Мўйноқ тумани бюджетининг захира жамғармалари маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча манбалари;

халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари);

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида ушбу мақсадлар учун режалаштирилган маблағлар доирасида, амалдаги тартиб асосида молиялаштирилади ҳамда уларнинг ҳисоби Жамғарма орқали сарфланадиган маблағлар билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан олиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг ҳамда Мўйноқ тумани бюджетининг захира жамғармалари маблағлари ва қўшимча манбалари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари), жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан маблағлар белгиланган тартибда жамғарманинг шахсий ғазна ҳисобрақамига тушади.

Халқаро молия институтларининг ва бошқа хорижий донорларнинг тартиботлари ёки хорижий кредитлар ва грантларни беришнинг шартларида бошқача тартиб белгиланган ҳолатлар бундан мустасно.

Жамғарма маблағлари:

дастурлар асосида Мўйноқ туманини ривожлантириш бўйича белгиланган тадбирларни молиялаштиришга;

Мўйноқ тумани инфратузилмасини яхшилашга, қишлоқларни ободонлаштиришга ва кўкаламзорлаштириш ҳамда маҳаллий ички йўлларни таъмирлашга;

Мўйноқ тумани уй-жой фондининг кўп квартирали уйларидаги умумий фойдаланиладиган ва уйлар ичидаги муҳандислик коммуникацияларини таъмирлашга, шунингдек, болалар майдончалари барпо этган ҳолда уйларга ёндош ҳудудларни ободонлаштиришга;

маҳаллалар ҳудудида кутубхоналар ташкил этишга ва уларни бадиий адабиётлар билан таъминлашга;

кам таъминланган ва ёш оилаларга имтиёзли кредитлар олинишида бошланғич бадални қисман ёки тўлиқ қоплашга ҳамда маиший техника воситаларига бўлган бирламчи эҳтиёжни қондиришга;

қишлоқ ва чекка ҳудудларда жойлашган таълим ва тиббиёт муассасаларида ишлаш учун юборилган ходимларни хизмат жойлари билан таъминлашга;

Мўйноқ тумани аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилаш бўйича бошқа тадбирларга сарфланади.

Мавзуга оид