Жаҳон | 19:05 / 17.03.2019
3543
2 дақиқада ўқилади

Чапутова Шефчовичга қарши. Словакияда сайловнинг биринчи турида президент сайланмади

Фото: instagram.com/zuzana_caputova

​Словакияда ўтказилган президентлик сайловининг биринчи турида давлат раҳбари сайланмади. Шанба, 16 март куни ўтган сайловнинг биринчи тури натижаларига кўра, кейинги босқичда Зузана Чапутова ва Марош Шефчович курашади. 

Парламентдан ташқарида фаолият олиб бораётган, асли касби адвокатлик бўлган Чапутова бошчилигидаги «Жадал Словакия» партияси 40,57 фоиз сайловчилар овозига эришган. Европа комиссияси раҳбари ўринбосари Шефчович эса 18,66 фоиз овоз билан кейинги босқичга ўтган. 

Якшанба куни Братиславада ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинишича, кейинги тур жорий йилнинг 30 март куни бўлиб ўтади. Президентлик сайловида 4,4 миллиондан ортиқ фуқаро сайлаш ҳуқуқига эга бўлса-да, уларнинг фақат 48,7 фоизи сайлов участкасига келган. 

Амалдаги мамлакат президенти Андрей Киска​ молиявий жанжал туфайли қайта сайланишга истамаганди. У кейинги турда Чапутовага омад тилаган. Кисканинг президентлик муддати шу йилнинг 15 июнь куни ниҳоясига етади. 

Маълумот учун, сайловда 11 нафар номзод курашга қўшилганини айтганди. Ўнг радикал-миллатчи Мариан Котлебанинг имкониятлари баланд баҳоланганди, аммо у 10 фоиздан сал кўп овоз тўплаб, биринчи турда курашдан чиқди.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид