Жаҳон | 18:55 / 09.07.2025
2667
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған мухолифатнинг муддатидан олдин президентлик сайлови ўтказиш талабини рад этди

Туркия етакчиси бунга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.

Фото: Ana

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған мамлакатда президентлик ва парламент сайловлари дастлаб режалаштирилганидек, 2028 йилда ўтказилишини айтди.

Мухолифатнинг сайловларни ушбу санадан эртароқ ўтказиш ҳақидаги чақириғига муносабат билдирар экан, Эрдўған бунга ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади.

Туркия мухолифатидаги Республика Халқ партияси (CHP) етакчиси Ўзғур Ўзел жорий йилнинг ноябр ойида муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга чақирди. Унга кўра, ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт» партияси ўзини «биринчи рақамли» сиёсий куч деб ҳисобласа, «сайлов қутисидан» қўрқмаслиги керак.

«Конституция ва сайлов қонунчилиги ўзгармагани учун 2028 йилда президент ва парламент сайловлари, 2029 йилда маҳаллий сайловлар бўлади, жаноб Ўзел. Тақвимдаги тасодифий санага бармоғингизни босиб, сайловлар ўтказилиши керак, дейиш сизнинг орзунгиз бўлиши мумкин, лекин халқнинг бундай муаммоси йўқ. Миллат учун кун тартибида сайлов йўқ», деди Эрдўған.

Ражаб Тоййиб Эрдўған 2014 йилдан буён Туркия президенти. У учинчи марта 2024 йил июн ойида лавозимга киришди ва 2028 йилгача хизмат қилади. Гарчи мамлакат Конституцияси президентлик муддатини икки давр билан чеклаган бўлса-да, Туркия Адлия вазирлиги Эрдўғаннинг иккинчи муддати ҳисобга олинмайди, деган қарорга келди. Чунки мамлакат 2018 йилда парламент бошқарувидан президентлик шаклига ўтган.

Эрдўған май ойида яна бир муддатга сайланиш нияти йўқлигини айтди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид