Роналду «Реал» учун қасос олиб, финалда Мессига қарши ўйнайдими? ЕЧЛ жуфтликлари ҳақида
Чемпионлар лигасининг чорак финали учун қуръаси шундай кўриниш олдики, 1 июнь куни кубок учун финал ўйинида Лионель Месси ва Криштиану Роналду бир-бирига қарши майдонга чиқиши мумкин.
Нимчорак финалнинг жавоб учрашувларида Роналду «Атлетико» дарвозасига ҳет-трик қилиб, жамоасини кейинги босқичга олиб ўтди, Лионель Месси эса «Лион»га ҳукм ўқиди, унинг икки голи ва икки голли паси биринчи ўйинда голсиз дуранг қайд этган французларни турнирни йирик мағлубият билан тарк этишга мажбур қилди.
Криштиану Роналдуни Туринга ЕЧЛ кубогини ютиш учун олиб келишган, Лионель Месси ҳам ўтган йилнинг августида мавсум учун асосий вазифа - «қулоқли кубок»ни Каталония пойтахтига қайтариш эканини айтганди. Қуръадан кейин маълум бўлдики, бу икки юлдузнинг жамоалари финалга қадар ўзаро тўқнашмайди.
10 йил давомида Роналду ва Месси ақлбовар қилмас ўйинлар кўрсатиб, 5 мартадан «Олтин тўп»ни қўлга киритишди. «Реал» ва «Барселона» эса Чемпионлар лигасида жами 7 марта ғолиб бўлди (3 марта кўк-анорранглилар, 4 марта «қаймоқранглилар»). Лекин замонанинг бу икки буюк футболчиси ЕЧЛ финалида фақат 1 марта тўқнаш келишган - 2009 йилнинг майидаги финалда ҳали Криштиану Роналду «МЮ» либосида тўп сурарди. Ўшанда сэр Алекс Фергюсоннинг охирги йилларини бошдан кечираётган манчестерликлар Пеп Гвардиола қўли остида янги даврни бошлаётган «Барселона» қаршисида ожиз қолишганди.
Ўтган йиллар давомида икки футболчи Испанияда класиколарда кўп марта ўзаро тўқнаш келишди, аммо уларни катта финалларда бир-бирига қарши кўрмадик - на клублар даражасида ва на терма жамоалар даражасида (Испания Кубоги ва Испания Суперкубоги ҳисоб эмас, бу турнирларга қизиқиш даражаси юқори эмас).
Роналдунинг Италияга кетиши икки юлдуз атрофидаги баҳс-мунозараларни янги босқичга олиб чиқди - энди португалиялик футболчи бошқа бир топ-чемпионатда ҳам ўзини кўрсатаётгани, аргентиналик футболчи эса ўзи учун қулай шароит ҳосил қилинган қадрдон жамоасидан ташқарига чиқмаслиги ҳақида гапира бошлашди.
Бу мавсумдаги баҳслар учун 1 июнь куни «Ваньда Метрополитано»да бу икки юлдузнинг тўқнашуви ўзига хос мантиқий якун бўлган бўларди.
Албатта, бундай финал барча баҳсларга охирги нуқтани қўя олмайди. Лекин футбол дунёси Роналду бошчилигидаги «Ювентус» ва Месси бошчилигидаги «Барселона» ўртасидаги қарама-қаршиликка гувоҳ бўлишга ҳақлидир. Бунинг учун эса, жамоалар 4тадан учрашув ўтказиб, керакли натижаларга эришиши керак бўлади. Рақиблар ҳам финалга чиқишни истайди, масалан, «Барселона» йўлида дастлаб «МЮ» чиқади. Агар бу тўсиқдан ўта олса, каталонларни яримфиналда «Манчестер Сити» ва «Тоттенҳэм» жуфтлиги ғолиби кутиб туради.
Жуфтликлардаги вазият
«МЮ» - «Барселона»
Ла Лиганинг бу саккизликдаги охирги вакилини чорак финалда «эски таниш» бўлмиш «Барселона» кутмоқда. Кейинги 10 йил ичида бу жамоалар ЕЧЛда икки бор тўқнаш келишган, сэр Алекс Фергюсон бошчилигидаги «қизил иблислар» 2009 ва 2011 йилларда икки бор «Қулоқли кубок»ни тўртинчи бор ўзиники қилишга яқин келган, аммо икки сафар ҳам Пеп Гвардиоланинг «Барса»си устун келганди. Энди манчестерликларда ўша аламли мағлубиятлар учун ўч олиш имконияти юзага келган.
«ПСЖ» устидан Парижда қозонилган ғалаба Оле Гуннар Сульшер ўз жамоаси футболчиларини мўъжизавий ўйинга тайёрлай олиши мумкинлигини кўрсатди. Неймар ва Мбаппе «МЮ»нинг қурбонига айланди. Навбат Месси ва Суаресга келиши мумкинми?
«Ливерпуль» - «Порту»
Биринчи жуфтлик ғолиби ярим финалда «қизиллар» ва «аждарлар» жуфтлиги ғолибига рўбару келади. «Ливерпуль» 1 йил муқаддам нимчорак финалда португалларга қарши ўйнаган, Клопп шогирдлари «Драгау»даги биринчи ўйиндаёқ 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, қарама-қаршилик тақдирини ҳал қилганди. Яқиндагина «Бавария»ни ожиз қолдирган инглизлар бу сафар ҳам яққол фаворит сифатида кўрилмоқда.
«Аякс» - «Ювентус»
Амстердамликлар кўпчилик учун кутилмаганда Мадридда «Реал»нинг қаторасига тўртинчи чемпионлик учун юришини тўхтатди ва мадридликларнинг Европадаги гегемонлигига чек қўйди. Энди «аяксид»ни мадридликларнинг гегемонлиги даврида асосий фигура бўлган Роналдунинг янги жамоаси «Ювентус»га қарши баҳс кутмоқда. Ўз навбатида, португалиялик ҳужумчида собиқ жамоадошлари учун ўч олиш имконияти мавжуд.
Роналдунинг ҳет-триги «Атлетико»ни ўз уйида ўтадиган ЕЧЛ финалида томошабин бўлишга мажбур қилди. Энди унинг голлари туринликларга «Аякс»дан бир бош баландлигини исботлаш учун зарур. Ҳозирги «Ювентус» ҳозирги «Реал»дан бирмунча кучли, аммо «Аякс»да ҳам «олтин авлод» етишиб чиққан.
«Тоттенҳэм» - «Манчестер Сити»
ЕЧЛнинг чорак финалида «инглизча чойхўрлик»дан қочиб қутилиб бўлмади. Кейинги 10 йил ичида илк марта АПЛдан биратўла 4 жамоа чорак финалга чиқди ва энди камида битта инглиз жамоаси яримфиналда бўлиши учун иккита инглиз клуби ўзаро ўйнайди. Уларнинг жорий мавсумдаги ягона учрашуви ўтган йилнинг октябрида ўтказилган, ўшанда «шаҳарликлар» Лондондаги ўйинда минимал ҳисобда ғалаба қозонишган.
ЕЧЛда «шпорлар» 8 йилдан буён чорак финалга чиқа олмаган (2010/2011 йилги мавсумда лондонликлар чорак финалда ўйнаб, «Реал»га қарши икки ўйинда 0:4 ва 0:1 ҳисобларида мағлуб бўлганди), «Аякс» эса кейинги 16 йил ичида ЕЧЛнинг бу босқичида ўйнамаган. Агар «Сити» ва «Юве» ўз ўйинларида ғалаба қозонса, яримфиналда Хосеп Гвардиола ОАВда ўзининг кейинги жамоаси деб айтилаётган «Ювентус»га қарши ўйнайди.
Мавзуга оид
11:50
«Сити» яна 4 та гол ўтказди, «Барса» камбэк қурбони. Кун ўйинлари
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:28 / 07.11.2024
«Вилла» ўйинида аҳмоқона пеналти, «Барса» истаганча гол урмоқда. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024