08:10 / 18.03.2019
16646

ОАВ АҚШнинг Сурия бўйича режаларини маълум қилди

Фото: REUTERS

АҚШ расмийлари Сурияда мингга яқин ҳарбий хизматчи қолдиришни мўлжалламоқда. Бу ҳақда Wall Street Journal манбаларга таянган ҳолда хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, АҚШ, хусусан, «Туркиянинг курдларга ҳужум қилиш бўйича таҳдидларига қарамасдан», курд тузилмалари билан бирга ишлашни давом эттириш ниятида.

Ўз навбатида, АҚШ штаблар бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси, генерал Жозеф Данфорд Пентагоннинг Сурияда мингга яқин ҳарбий хизматчини қолдириш режалари ҳақидаги хабарларни рад этди, дея маълум қилмоқда РИА «Новости».

Ҳарбий маҳкамадан маълум қилишларича, февраль ойида эълон қилинган, «Америка қўшинларини доимий жойлаштириш жойларига олиб чиқиб кетиш» тўғрисидаги режалар ўзгартирилмаган.

«Туркия-Сурия чегараси бўйлаб Туркиянинг хавфсизлик муаммоларига ечим топиш учун Туркия бош штаби билан батафсил ҳарбий режалаштиришни давом эттирамиз», - дейилади хабарда.

Бундан олдин, халқаро ҳамжамият Сурияга 7 миллиард доллар йиғиб берганди.

Top