Жамият | 17:50 / 20.03.2019
7946
2 дақиқада ўқилади

17 нафар аёл Наврўз байрамини оиласи бағрида кутиб олиш бахтига муяссар бўлди

Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г. Маруфова ва Олий суд раиси ўринбосари Х. Ёдгоров  Зангиота туманида жойлашган жазони ижро этиш муассаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкума аёллар билан очиқ мулоқот ўтказишди. Мулоқот жараёнида маҳкума аёллар билан самимий суҳбат қурилди, уларнинг муаммолари тингланди, 15 нафар жазо ўтаётган аёлнинг аризаси қабул қилинди.  

Маҳкума аёлларга юртимизда аёллар учун яратилган имтиёзлар ва шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тушунтириш берилди.

19 март куни эса, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ҳамда жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани судининг аёллар жазони ижро этиш муассасаси ва манзил-колонияда сайёр суд мажлислари бўлиб ўтди. 

5 нафар жазо ўтаётган аёлнинг иши Олий суд томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиб, уларнинг содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтганлиги ҳамда жазонинг асосий қисмини ўтаганлиги ҳисобга олиниб, жазодан озод қилинди.

5 нафар аёл Жиноят ишлари бўйича Зангиота туман суди томонидан жазони ижро этиш муассасасидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Шунингдек, аҳлоқ тузатиш иши жазосини озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштириш ҳақидаги суд қарорлари бекор қилиниб, 2 нафар аёл оиласи бағрига қайтарилди.

Бундан ташқари, манзил-колонияда жазо ўтаётган 5 нафар аёл жазодан озод қилинди. 

Умуман айтганда, Наврўз байрами юртимизга кириб келаётган паллада 17 нафар аёл ушбу қутлуғ айёмни оиласи бағрида кутиб олиш бахтига муяссар бўлди. Яна 22 нафар аёл жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колонияга ўтказилди.

 

Мавзуга оид