Жамият | 19:21 / 21.03.2019
34334
6 дақиқада ўқилади

Икки тақдир (депутатлар ва тегишли вазирликлар эътиборига)

“Сизларга нусрат ва ризқ берилиши – заифларингиз сабабидандир!” (ҳадис)                 

Куни кеча шифохонада даволаниш асносида икки тақдирга дуч келдим. Бу тақдирлар шунчаки икки инсоннинг тақдири эмас, балки кўплаб бошқа тақдирлар билан айнан бўлгани боис, ҳамда қонунларимиз қай даражада номукаммал эканлигини мулоҳаза қилганим ҳолда улар ҳақида кўрганимни ёзмоқни лозим билдим. 

Биринчи тақдир

Элдорбек Маллабоев. 30 ёш. Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида истиқомат қилади. Россияда ишлаётган пайтида устига оғир ёғоч тушиб кетиб, умуртқа поғонаси синган. Аравачага “михланган”. 5 яшар бир ўғли бор. Кекса отаси унинг қаровчиси вазифасида. 

“Қанча нафақа оласиз?” – деган саволимга “243 минг сўм” деб жавоб қилди. 243 минг сўм!

Унинг турар жойи бўйича ижтимоий таъминот бўлимига қўнғироқ қилиб сўрадим, “қонунда шунча нафақа ёзилган, ака, иш стажи йўқ экан у йигитнинг, шунинг учун шунча нафақа тайинладик” – жавоб қилди ходим. Нима дейишни ҳам билмай қолдим. Кейин ўйладим: “бу йигит ёш оиласини таъминлаш учун, рўзғорини бут қилиш учун Россияга ишлашга борган, тақдир тақозоси билан кўнгилсиз ҳодисага учраган, ногирон бўлиб қолган, меҳнат дафтарчаси тутишга имкони бўлмаган – қонуний иш стажи орттира олмаган. Унинг айби нима, меҳнат дафтарчаси тутолмаганими? Унга ва бошқа – шу ҳолатга тушганларга, яъни иш стажи орттиролмай ногирон бўлиб қолганларга бироз бўлса-да кўпроқ нафақа тайинлашнинг имкони йўқми? Ахир булар ҳам Ўзбекистон фуқароси, давлатидан эътибор, ёрдам кутади! 243 минг сўмни қайси эҳтиёжига етказсин?”

Иккинчи тақдир

Суҳроббек Бекберганов. 17 ёш. Хоразм вилояти, Янгибозор тумани, Бўзқалъа қишлоғида яшайди. Сувга шўнғийман деб бўйнини синдириб қўйган, қўл оёғи ишламай қолган, доимий қаровга муҳтож. Бундай ҳолатда болага ким қарарди дейсиз – албатта, онаизор... Унинг бахтига онаси бор экан. ОНА тўлиқ ожиз бўлиб қолган, куну-тун қаровга муҳтож бўлиб қолган, ўзи на овқат ея оладиган, на ҳожатига чиқа оладиган ожиз жигаргўшасига қараб ўтириш, бунинг устига унинг руҳини кўтаришни ўз эгнига олганини кўрдим. Боласининг аҳволини кўриб ичидаги тилка-пора қалбини ҳеч кимга ошкор қилмасдан, доим кулиб туриб ўғлига қараб ўтирарди.

“Ўғлим фалокатга учрашидан олдин ўқитувчи бўлиб ишлардим, бу ҳодисадан кейин ишдан кетдим” – деди менга аёл. “Ногирон болангизга қараётганингиз учун Сизга нафақа тайинлашдими?” – сўрадим ундан. “Йўқ” деди у.

Яна турар жой бўйича ижтимоий таъминот бўлимига қўнғироқ. “Бу ҳолатда нафақа бериш кўзда тутилмаган қонунда” – деди ижтимоий таъминот бўлими ходими. Суриштирган эдим, ростдан ҳам, бундай ҳолатда нафақа кўзда тутилмаган экан. Мавзуга доир топганим – ногирон боласига қараган даври оналар учун иш стажига қўшилиши ҳақида қонунга ўзгартиш киритилгани.

Савол туғилади: боласининг ногирон бўлиб қолгани муносабати билан ишини ташлаб мажруҳ боласига қарашга мажбур бўлган оналарга (нега фақат оналарга, кўплаб ҳолатларда ногироннинг турмуш ўртоғи, опаси ёки бошқа оила аъзоси ҳам бўлиши мумкин-ку!) ҳозир, шу вақтда давлатнинг ёрдами керак эмасми? Бу масала алоҳида кўриб чиқилиши лозим, деб ҳисоблайман.

Соҳа ислоҳотга муҳтож

Ўзим ҳам аравачада ҳаракатланадиган ногиронман. Бир ярим яшарлигимда умуртқа поғонамда операция бўлиб, 43 йилдирки юрмайман. Эсимни таниганимдан буён ҳеч бир медицина ходими менинг ҳолимни кўришга келмаган. 5-10 йилда бир шикоят ёзардим, шундагина “делегация” бўлиб келиб қолишарди. Аммо ўзлари – йўқ.

Ҳолат билан танишман – жойларда қаров ва эътиборга муҳтож бўлган ногиронларнинг аҳволини тиббий назорат қилиш соҳаси ўта қониқарсиз даражада. Мазкур соҳа ислоҳ қилиниши лозим. Чет эл тажрибаларини ўрганиб соҳада янгича тизимни шакллантириш лозим. Қаровсиз қолгани боис соғлиги ачинарли ҳолга келган, яралари газак олиб кетган, баъзи ҳолларда вафот этган ногиронларнинг кўпини ўз кўзим билан кўрганман.

Бу айтганларим Яратганнинг иродаси ўлароқ оддий одамлардай ҳаёт кечириш имкониятидан бебаҳра бўлган, жисмоний имконияти чекланган ногиронларни қийнаб келаётган муаммоларнинг юздан бири десам, адашмаган бўламан. Мақсадим ҳикоямдаги шу икки тақдир ҳақида халқ вакиллари бўлмиш депутатлар-у вазирлар ҳам ўқиса. Шоядки амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга янада кўпроқ эътибор қаратсалар.

“Сизларга нусрат ва ризқ берилиши – заифларингиз сабабидандир!” Бу сўзлар Аллоҳнинг элчиси Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзлари. Демакки жамият ризқи бутун бўлишини истаса, аввало заиф тоифанинг ғамини ейиши керак экан.

Шокир Шарипов,
Kun.uz публицисти.

Мавзуга оид