Жамият | 19:55
822
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлар учун онлайн платформа тендерида шубҳали ҳолатлар аниқланди

Ногиронлиги бўлган шахслар учун онлайн мурожаат платформасини яратиш бўйича 710 млн сўмлик давлат хариди шубҳа остига тушди. Аксилкоррупция агентлигига кўра, ғолиб ва захира ғолиби ўзаро афилланганига ишора қилувчи ҳолатлар бор.

Фото: Shutterstock

Кoррупцияга қарши курашиш агентлиги ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш масалалари бўйича давлат органларига онлайн видеоалоқа орқали мурожаат қилиш имконини берувчи платформа яратилиши билан боғлиқ жараёнларни ўрганди.

Маълум қилинишича, топшириқ ижросига масъул – Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги буюртмачилигида платформани ишлаб чиқиш бўйича 2022 йил 14 ноябр куни бошланғич нархи 737 млн сўм бўлган танлов ўтказилган.

Давлат харидида “E.” МЧЖ 710 млн сўмлик таклиф билан ғолиб деб топилган. Танловда унга ягона рақиб сифатида иштирок этган “I.” МЧЖ эса захира ғолиби сифатида белгиланган.

Ўрганишлар давомида бу икки талабгорнинг ҳужжатлари махсус ахборот порталига бир хил қурилма орқали ва бир IP-манзилдан юклангани маълум бўлди.

Шунингдек, платформанинг App Store'га жойлаштирилган мобил иловасида ишлаб чиқувчи сифатида “I.U” жамоат бирлашмаси қайд этилган. Текширувда мазкур бирлашма таъсисчиси Б.С.С. захира ғолиби бўлган “I.” МЧЖнинг ягона раҳбари ва таъсисчиси экани аниқланган.

Қолаверса, буюртмачи томонидан платформани ишлаб чиқиш учун “E.” МЧЖга тўлаб берилган 710 млн сўм маблағ жорий харажат сифатида ҳисобга олинган бўлиб, платформани балансга қабул қилиш чоралари кўрилмаган.

Аксилкоррупция агентлиги аниқланган ҳолатлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборди.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид