Спорт | 20:47 / 21.03.2019
21512
11 дақиқада ўқилади

XXII аср футболи. Уни «Барселона» яратмоқчи

Йигирма йиллар муқаддам катта клублар юлдуз футболчиларни жалб қилиб, улардан бор имкониятни ишга солишни талаб қилишган ва шу орқали совринлар ютиш ҳақида ўйлашганди. Асрнинг иккинчи ўн йиллигидан бошлаб эса, фақат тайёр футболчиларга эмас, футбол илми, таҳлили ва технологияларига ҳам инвестиция киритиш самарали экани ойдинлашиб бормоқда.

"Ливерпуль"да бугунги кунда беш нафар фан доктори фаолият олиб боради. "Манчестер Сити" ўз стадиони атрофига шаҳарча қуриб, у ерда энг замонавий машғулот комплексини барпо қилмоқда. Аммо бу йўналишда энг олдинга қадам ташлаган жамоа, шубҳасиз, "Барселона"дир. 

2017 йилда Каталонияда “Barca Innovation Hub” номли инновацион марказ ташкил этилди. BIH - олимлардан ташкил топган гуруҳ бўлиб, улар келажакда "Барселона" футболчиларининг бошқалардан кучлироқ, тезкорроқ бўлишлари, камроқ жароҳат олишлари ва майдонда бир-бирларини яхши тушунишлари учун илмий ишлар олиб боришади. Бу олимлар ўз фаолиятларида мутлақо эркин бўлиб, ўз кашфиётларини Ла Масиядаги баскетбол, футбол, гандбол жамоаларида тарбия олаётган болакайлардан тортиб, Лео Месси устида ҳам синовдан ўтказиш имкониятга эгалар.

Ўйин таҳлилида янги давр

"Таҳлил ўйинда энг ҳал қилувчи омил эмас"  – деганди Вальверде “Financial Times” журналисти Саймон Купер билан суҳбатда. – Футболда ўйинни тўхтатиш, тайм-аут олиш мумкин эмас, демак бошқа спорт турларидаги ҳамкасбларимизга қараганда, биз ўйинга таъсир ўтказа олмаймиз. Майдон четидан туриб бақирганларимни эшитишмайди кўпинча. Футбол – футболчиларникидир. 45 дақиқа давомида барча қарорларни уларнинг ўзлари. қисқа муддатда қабул қилишади. Буюк футболчилар ўйинни мендан кўра яхшироқ таҳлил қиладилар, ҳис қиладилар, бу аниқ".

BIH нинг фаолияти Вальверденинг сўзларини инкор қилмайди, аксинча, айнан шу йўналишдан, яъни футболчиларнинг ўйинга таъсири кўпроқ эканидан келиб чиқади. Табиийки, футболчи муҳим, чунки айнан уларнинг ҳаракатлари мураббийларнинг энг кучли режаларини ҳам барбод қилиши мумкин. Шу фаразлардан келиб чиқиб, олимлар ўйинни яхшилаш йўлида ностандарт ёндашадилар.

Ўн беш йил олдин футболчиларнинг майдондаги ҳаракатларини ва километражни акс эттирувчи хариталар ёки аниқ паслар статистикаси революцион қадам эди. Ҳозир бундай таҳлиллар профессионал бўлмаган оддий жамоаларда ҳам қўлланилади ва энди дронлар, GPSлар билан футболчининг ўйиндаги ёки машғулотлардаги ҳаракатларини баҳолай олишмоқда. Таҳлилчилар бу орқали позицияни тўғри танлаш ва очиқ зоналар ташкил қилиш йўлларини қидиришади.    

"Барселона"да GPS ўн йиллар олдин ҳам ишлатилган экан, ҳозир эса, Wimu тизимини синашмоқда. Бу ақлли датчиклар ёрдамида нафақат ҳар бир футболчининг жойлашуви, тезлиги ёки тезланиши, балки юрак уриши, яккакурашларда йўқотилган куч ва тезланишдан кейин қайта ўзига келиб олиш учун кетадиган вақтларгача ўрганилади. BarcaHub ҳали бундан ҳам олдинга кетади.

Масалан, ҳозирда аксарият клублар технологиялар ёрдамида футболчиларнинг жойлашувини таҳлил қилаётган бўлишса, "Барселона"да аллақачон тананинг оғиши ва футболчи томондан тасвирни ўрганиб чиқишмоқда. Тадқиқотчиларнинг айтишича, улар жуда муҳим нуқтани топа олишган ва бу футбол илмида революция бўлади. Маълумки, мураббийлар футболчиларнинг тана ҳолатини турли ўйин фазаларида ўрганиб, яхшилашга интиладилар, бу система эса, бу ишни автоматлаштириши мумкин. 

"Тана оғишини ўрганиш – тадқиқотларнинг пойдеворидир – дейди BIH ходими Карлос Родригес. – Ҳозир биз видео орқали ҳар бир кадрни қирқиб, футболчининг аниқ профилини яратишимиз мумкин. Бу вазифани компьютерлаштириш орқали, бир вақтда барча футболчиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш имконига эга бўламиз. Бу янги даврнинг бошланиши бўлади. Бу маълумотлар билан аниқ таҳлиллар ва прогнозлар бериш имконига эга бўламиз. Беш йил олдин бу ҳақида гапиришган, аммо жуда тез фурсатда бунга етиб келишимизга ҳеч ким ишонмаганди" .

Карлос Родригес олиб бораётган тадқиқот майдондаги зоналарни назорат қилиш ва жамоавий ўйинни кучайтиришга ҳизмат қилади. BIH ҳар бир сонияда майдондаги барча футболчиларнинг, жумладан рақиб аъзоларининг ҳам, тўпга нисбатан тана ҳолатини ўрганиши ва бу асосда статистик ҳисоботлар тайёрлаши мумкин. Бу эса, футболчининг индивидуал маҳорати ва белгиланган вазифалардан қатъи назар, унинг майдондаги мос ҳолатини чиқариб беради.

"Бу маълумотлар ҳозирдан фойда келтириши мумкинлигига ишонаман. Бу асосда мураббий ва унинг ёрдамчиларига бир қанча маслаҳатларим бор. Машғулотлар пайтида футболчиларнинг ҳаракатларини йўналтириш уларнинг қайси мушак ва томирларига босим қилишини ўрганиш мумкин. Бу билан биз ҳар бир футболчи учун алоҳида, ўзига мос бўлган юкламаларни ишлаб чиқиш имкониятига эга бўламиз" - дейди Родригес.

Таҳлилчилар янги иқтидорларни излаб топишни ҳам осонлаштиришмоқчи. Бунинг учун "барса футболи" ДНКсига эга бўлган энг яхши футболчилар чуқур ўрганилади ва шу маълумотлар асосида номзодлар изланади. Ҳатто баъзилар футболчиларнинг мияларига ҳам "кириб кўриш"ни тавсия қила бошладилар, аммо бунинг учун ҳали эрта. Олимлар масалан, Бускетсни ўрганиб, унинг рақиб ўйинчиларини ўзига тортиб, бўш зоналар яратишини ёки Иньестанинг доим жуда қисқа вақтда тўғри қарор қабул қила олишини ўрганишмоқда. Ёки одатда, ўйин бошида пассив қолиб, рақибнинг муаммоларини кузатган ҳолда, кейин ундан фойдаланадиган Мессини текширишяпти.

Бундай футболчилар, бундай қобилиятлар - уникал, ўргатиб, ишлаб чиқиб бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам, "Барселона" уларни жуда чуқур ўрганишга жиддий киришади. Биринчидан, академиядаги болаларни бу қобилиятларга қисман бўлса-да ўргатиш мумкин, иккинчидан, трансфер бозорида Месси ёки Бускетсга ўхшаш футболчиларни қидириб топиш, Ла Масиядан бўлмаса ҳам, "Барселона" услубига мос бўлган номзодларни аниқлаш мумкин бўлади.

Тадқиқотлар аллақачон клубга фойда келтиришни бошлаган. Клубдаги манбалардан бирининг айтишича, "Барселона"да айнан "Реал" бўйича алоҳида аналитик ишлар экан. У бутун мавсум мобайнида фақат "Мадрид"ни кузатади ва ҳар бир Класикога "Барселона"нинг максимал равишда тайёр бўлишига ёрдам беради. "Реал" устидан қозониладиган ғалабалар клубнинг молиявий томонига сезиларли таъсир қилади - одатда мана шундай ғалабадан кейинги ҳафтада клуб камида 4-5 миллион евро қўшимча даромад қилар экан. Агар бунга ишонсак, ушбу мавсумда "Барселона" фақат Класиколардаги ғалабалар натижасида камида 12 миллион евро фойда кўрган. 

Тикланиш жараёни ва озиқланиш

Футболчиларнинг ҳаёти фақат кунига икки соатлик ёки ҳафтасига бир-икки ўйиндан иборат эмас. Уларни яхшироқ назорат қилиш учун, табиийки, уларнинг бўш вақтларидан самарали фойдаланиш, тўғри йўналишга солиш ҳам катта аҳамиятга эга. 

"Барселона"да ўйинларга тайёрланиш бошқа клублардан фарқ қилади ва профессор Пако Сейрулнинг ғоялари ва психолог Жеймс Гибсоннинг назарияларига асосан олиб борилади. Жуда кўп деталлар бор, асосий тезислар эса қўйида:

* максимал интенсив машғулотлар - ўйиндан 3-4 кун олдин.
* оддий жисмоний тайёргарлик ва югуришнинг ўрнига - турли ўйин ҳолатларини акс эттириш ва тактик-жисмоний жиҳатдан бўлажак ўйинни ташкил этиш. Гибсоннинг асосий ғояси ҳам шу - агар реал ўхшашлик бўлмаса, бу эскпериментдан унча фойда ҳам бўлмайди.
* футболчиларни икки гуруҳга ажратиш. 60 дақиқадан кўп ўйнаган ва кам майдонга тушганларни алоҳида ажратиб, уларга фарқли юкламалар асосида шуғулланишларини таъминлаш.

Энг муҳими, "Барселона" футболчиларнинг клуб ташқарисидаги ҳаётини ҳам бошқариш йўлидан боради. Ҳар бир футболчи учун алоҳида озиқланиш рецепти тузилади, алоҳида ичимликлар тайёрланади. Футболчининг вазни, ёғ ва калориялар сарф қилиниши, тикланишдаги ўзига хосликлар, ҳатто машғулотлар пайтидаги терлаш даражасигача ҳисоб-китоб қилинади. Шахсий ошпазлар ҳам ҳатто, клуб диетологи билан маслаҳатлашган ҳолда ишлайдилар ва кўпинча, тайёр озиқ-овқатлар футболчиларнинг уйларига юборилади. Эсингизда бўлса, яқинда Усмон Дембеле белгиланган ўша таомларни емасдан, яширин тарзда буюртма пицца еб юргани маълум бўлганди.

Ишонмайсиз, лекин рост, "Барселона" ҳатто махсус халатлар чиқаришни йўлга қўймоқчи - бу футболчиларнинг уйқуларини назорат қилар экан. 

Жароҳатлар-чи?

Тиббиёт мушак жароҳатларига у қадар катта эътибор қаратмайди, сабаби, маълум вақт давомида тикланиш мумкин. Аммо спорт учун вақт жуда муҳим омил. Клублар футболчилар учун ҳафтасига миллионлаб пул сарфлайдилар ва уларнинг икки ҳафтага бўлса ҳам, сафдан чиқиши - катта зарар.

Инновацион марказ бу муаммо билан ҳам жиддий шуғулланмоқда. Бундай тадқиқотлар учун клубда врачлар етишмаслиги мумкин, аммо пул бор - каталонияликлар 40та лаборатория билан ҳамкорликда турли даражадаги жароҳатларни ўрганиб чиқмоқдалар.

"Ҳар бир футболчи махсус чип тақиб олади ва бу уларнинг машғулотлардаги фаоллигини ўлчаб боради. Биз бу маълумотлар ёрдамида футболчидаги чарчоқни ва ҳаддан ортиқ юкламаларни билиб турамиз. Мушак жароҳатларининг камайишида бу тизим ёрдам беради" - дейди жамоа бош мураббийи Эрнесто Вальверде.

"Барселона" Испания чемпионатида яққол карвонбоши бўлиб турибди ва тахтини яқин йилларда бўшатмоқчи эмас. Олимлар ва врачлар таҳлилларга бошқа томондан қараш, машғулотлар ва тикланиш жараёнларини ривожлантириш йўлидан бормоқдалар. Дастурчилар виртуал реаллик устида ишлаб антиқа дастур яратишга яқин - 2021 йилда сотувга чиқарилиши мўлжалланган бу системада ҳар қандай мухлис севимли футболчилари билан машғулотларда виртуал қатнашиши мумкин.

Айтиш мумкинки, "Барселона" спорт билимларидаги барча соҳаларни қамраб олмоқда ва футболни ўзгартирмоқчи.

«Сухой лист» блоги маълумотлари асосида тайёрланди

Мавзуга оид