Фан-техника | 15:32 / 22.03.2019
5895
2 дақиқада ўқилади

Facebook миллионлаб махфий сўзлар очиқ кўринишда сақланганини тан олди

Фото: Getty Images

Кўп йиллар давомида Facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиларнинг миллионлаб махфий сўзларини оддий матн кўринишида сақлаб келган, шу туфайли компания минглаб ходимлари камида 2012 йилдан бери ундан бемалол фойдаланиши мумкин бўлган. Бундан киберхавфсизлик бўйича мутахассис Брайан Кребс хабар топди. У ҳисоботни ўзининг KrebsOnSecurity сайтида эълон қилган.

Камида 20 минг ходим 200 млн.дан 600 млн.гача махфий сўзларни оддий матн сифатида кўриши мумкин эди. Facebook ички текширувига кўра, улар шифрлаш учун мўлжалланган иловалар ишини тўсиб қўйган хатолар туфайли шифрланмаган.

Кребснинг Facebook’даги манбаси хабар қилишича, тахминан икки мингга яқин муҳандис ёки дастурчи матнли махфий сўзлар бўйича 9 миллионга яқин ички сўровлар юборган. Ижтимоий тармоқдан маълум қилинишича, ҳеч бир ҳолатда компания ходимлари фойдаланувчиларнинг очиқ маълумотларидан фойдаланмаган.

Facebook’нинг хавфсизлик бўйича вице-президенти KrebsOnSecurity’га махфий сўзлар жуда оддий сақлангани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, муаммо Facebook Lite’нинг юзлаб миллион, Facebook’нинг бошқа ўн миллионлаб ҳамда Instagram’нинг ўн минглаб фойдаланувчиларини қамраб олган. У рўй берган ҳодисани хато деб атади ва оддий фойдаланувчилар хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқлиги ҳамда махфий сўзларни ўзгартириш талаб этмаслигини билдирди.

Мавзуга оид